Маслаҳат учрашуви минтақа ҳамкорлигини мустаҳкамлайди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди. Дастлаб депутатлар Президентимизнинг Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров таклифига биноан Қирғиз Республикасига давлат ташрифи ҳамда Марказий Осиё — Озарбайжон давлат раҳбарларининг норасмий Маслаҳат учрашувидаги иштироки аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Таъкидланганидек, Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг норасмий учрашуви минтақа ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган муҳим мулоқот майдони бўлди. Учрашувда давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч, яқин ҳамкорлик ва умумий манфаатларга асосланган муносабатларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Фракция аъзолари учрашувда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, транспорт ва логистика йўлакларини ривожлантириш, саноат кооперациясини кучайтириш, рақамли хизматлар ва инвестиция платформаларини йўлга қўйиш каби муҳим ташаббуслар мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий муносабатларни янада ривожлантиришини қайд этди.
Шунингдек, сунъий интеллект, илм-фан, таълим, энергетика ва кадрлар салоҳияти соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш минтақамиз тараққиётининг муҳим йўналишларидан бири экани алоҳида эътироф этилди.
Чўлпонота учрашуви ва қабул қилинган декларация Марказий Осиё ҳамда Озарбайжон ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқиши, бирдамлик ва амалий ҳамкорликка асосланган бу жараён минтақамиз иқтисодий барқарорлиги, хавфсизлиги ва халқларимиз фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
М.Комилова, ЎзА