Марказий Осиё хабарлари
Марказий Осиё минтақаси стратегик жойлашуви ва бошқа кўплаб имкониятлари сабабли доимо халқаро жамоатчилик диққати марказида бўлиб келган. Шу сабабли бу ҳудудда содир бўлаётган воқеа ҳодисалар кўпчиликка қизиқ. Қуйида мазкур минтақада яқин кунларда содир бўлган муҳим янгиликлар ҳақида маълумотлар олишингиз мумкин.

Тожикистонда ҳаво шари қулаши оқибатида
ўзбекистонлик фуқаро жароҳат олди
Кучли шамол туфайли Тожикистоннинг Хўжанд шаҳридаги бир неча бинонинг томига ҳаво шари тушиб, уч киши жароҳат олди. Бу ҳақда “Kazinform” ёзган.
Мамлакат Фавқулодда вазиятлар қўмитаси маълумотига кўра, ҳодиса Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунини нишонлаш пайти содир бўлган. Шаҳар марказидаги майдонга қўйилган шарни заиф лангар туфайли бўрон учириб кетган. Ҳодиса пайти саҳнда уч киши бўлган.
Агентлик қўшимча қилишича, 46 ёшли ўзбекистонлик ва 40 ёшли Хўжанд фуқароси жароҳат олган. Учинчи жабрланувчи енгил жароҳатланган ва касалхонага ётқизишга эҳтиёж сезмаган.

Қирғизистон БМТ Низомига ўзгариш киритишни таклиф қилмоқчи
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров бу ҳақда “Kabar” ахборот агентлигига берган интервюсида маълум қилди.
Жапаров мамлакат БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги фаолияти доирасида илгари сурмоқчи бўлган ташаббусларни баён қилди.
“Сентябр ойида биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомига ўзгариш киритиш бўйича жуда жиддий таклифларни тақдим этамиз. Ташкилот ваколатини юқори даражага кўтаришимиз керак. БМТ қарорлари барча давлатлар томонидан қатъий бажарилиши керак”, дея таъкидлади Қирғизистон Президенти.
У шунингдек, тузатиш бўйича бошқа кўплаб таклифлар тақдим этилишини таъкидлади. Бундан ташқари, Жапаров миллий раҳбарлар ва дипломатларга Қирғизистонни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 3 июнь куни Қирғизистон биринчи марта 2027-2028 йиллар учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси этиб сайланди.
Илгари БМТ Бош Ассамблеяси Қирғизистон томонидан чегара низоларини тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича резолюция қабул қилган эди.

Туркманистон – Туркия муносабати ривожланмоқда
Ашхободда бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро туркман-турк комиссияси 9-йиғилиши якуний баённома имзоланиши билан якунланди. Ҳужжатнинг ҳар томонлама ҳаракатлар режаси ва савдо, энергетика, транспорт, қурилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш ва рақамли технология каби соҳалардаги ҳамкорликка умумий нуқтаи назарни ифодалайди.
“nCa” ахборот агентлиги хабар беришича, музокара юқори даражада бўлиб ўтди. Туркия Республикаси вице-президенти Жевдет Йилмаз Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов томонидан қабул қилинди.
Турк расмийлари Туркманистонни Анқаранинг Марказий Осиёдаги энг йирик шерикларидан бири, деб атади, икки томонлама савдо ва инвестиция оқимини ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Бундан ўн йил олдин Анқара ва Ашхобод музокараси асосан умумий тарих, тил ва маданиятга қаратилган эди. Бугун эса шериклик мазмуни мазкур муҳим мавзулардан ташқари логистика йўлаклари, саноат ҳамкорлиги, инвестиция имконияти ва энергетика алоқаси билан тўлдирилмоқда.
Туркия қурилиш компаниялари анчадан бери ўзларини Туркманистон бозоридаги энг таниқли хорижий иштирокчилардан бири сифатида намоён этиб келмоқда. Бугун ўзаро таъсир сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилмоқда.
Туркия учун Марказий Осиёдаги иқтисодий мавқеини чуқурлаштириш стратегик заруратдир. Туркманистон ўз навбатида иқтисодий ҳамкорликни диверсификация қилиш, экспорт йўналишини кенгайтириш ва минтақавий таъминот занжирига чуқурроқ интеграциялашишга интилади.

Қозоғистон ва олти ОПEC+ давлати нефть қазиб олишни кўпайтиради
Якшанба куни виртуал учрашувдан сўнг етти ОПEC+ давлати умумий қарор қабул қилди. Бу ҳақда “Kazinform” ёзган.
Қозоғистон, Саудия Арабистони, Россия, Ироқ, Қувайт, Жазоир ва Ўмон 2023 йил апрель ойида жорий этилган ихтиёрий қисқаришга нисбатан нефть қазиб олишни кунига 188 000 баррелга оширмоқчи.
– 2023 йил апрель ойида эълон қилинган қўшимча ихтиёрий тузатиш ўзгарувчан бозор шароитига қараб ва босқичма-босқич қисман ёки тўлиқ бекор қилиниши мумкин. Мамлакатлар бозор шароитини диққат билан кузатиб бориш ва баҳолашда давом этади, барқарорликни сақлаб қолиш йўлида давом этаётган саъй-ҳаракатда улар эҳтиёткорлик билан ёндашув ва ихтиёрий ишлаб чиқаришни созлашни босқичма-босқич бекор қилиш, жумладан 2023 йил ноябрь ойида эълон қилинган илгари амалга оширилган ихтиёрий тузатишни бекор қилиш учун тўлиқ мослашувчанликни сақлаб қолиш муҳимлигини яна бир бор тасдиқладилар, – дейилган ташкилот баёнотида.
Таъкидланишича, ушбу чора ОПEC+ еттилигига компенсация тўловини тезлаштириш имконини беради.
Таъкидлаш жоиз, бу сўнгги тўрт ой ичида ОПEC+ мамлакатлари орасида нефть қазиб олиш меъёри тўртинчи марта оширилиши. Аввалроқ Қозоғистон Республикаси Энергетика вазирлиги Қозоғистон ОПEC+даги иштирокини ўзгартиришни режалаштирмаётганини маълум қилган эди.
Гўзал Сатторова, ЎзА