Марказий Осиё ва Жанубий Корея стратегик ҳамкорликнинг янги босқичини бошламоқда
«Марказий Осиё – Жанубий Корея» саммитини ташкил этиш ташаббуси илк бор 2024 йил июнь ойида илгари сурилган эди.
Орадан салкам 2 йил ўтиб (2026 йил апрель ойида) Сеул шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари иштирокида юқори даражадаги тайёрлов учрашуви бўлиб ўтди. Унда томонлар давлат раҳбарлари иштирокида ўтказиладиган – «Марказий Осиё – Жанубий Корея» (C5+Жанубий Корея) саммитининг кун тартибини ҳам келишиб олишган эди.
Бугунги глобаллашув шароитида давлатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик иқтисодий тараққиёт ва минтақавий барқарорликнинг муҳим омилига айланмоқда. Ана шундай истиқболли мулоқот платформаларидан бири бўлажак C5+Жанубий Корея саммити икки минтақа муносабатларида янги саҳифа очилишидан далолат беради дея эътироф этилмоқда.
Жорий йил июль ойида Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги томонидан саммит олдидан Марказий Осиё давлатларининг (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон) журналистлари билан учрашув ташкил этилди.
Жанубий Кореяга таклиф этилган 5 та давлат медиа вакилларини Корея Ташқи ишлар вазирининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Чун И Хе қабул қилди. Дастур доирасида ўтган мазкур илк расмий учрашув дўстона ва самимий тарзда бўлди.

Кореялик дипломат томонидан Марказий Осиё географик жиҳатдан стратегик ҳудуд ҳисобланиши алоҳида таъкидланди.
“Минтақанинг бой табиий ресурслари, транспорт салоҳияти ва ўсиб бораётган бозори Жанубий Корея учун катта қизиқиш уйғотади. Ўз навбатида, Корея Республикаси юқори технологиялар, инновациялар, саноат ва рақамли иқтисодиёт соҳасида дунё етакчиларидан бири сифатида Марказий Осиё давлатлари учун ишончли шерик ҳисобланади.
Саммит доирасида томонлар савдо-иқтисодий муносабатларни кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш, саноат кооперациясини ривожлантириш, транспорт ва логистика йўлакларини такомиллаштириш, энергетика, рақамлаштириш, сунъий интеллект, таълим, соғлиқни сақлаш ва экология соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш асосий мақсадларимиз”, – деди Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Чун И Хе хоним.

Шунингдек, бўлажак саммит бўйича журналистларни қизиқтирган бир қанча саволларга ҳам жавоблар олинди.
Жанубий Корея ва Марказий Осиё халқларининг қадимий қадриятлари, урф-одатлари, дунё қараши ҳам маълум маънода ўхшаш эканлигига Корея Миллий фольклор музейига ташриф буюрган ҳар бир инсон амин бўлади. Мазкур музейдаги Корея тарихидан сўзловчи экспонатлар Марказий Осиё медиа вакилларини ҳам хайратлантириб қўйди. Хорижий журналистлар икки минтақа халқларининг қадимги яшаш тарзи ўхшаш эканлигининг исботини кўришди.

Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлигининг Шимоли-шарқий ва Марказий Осиё департаменти бош директори Жин Нам билан норасмий тарзда ўтган учрашув ҳам самимий ва қизиқарли ўтди. Бир пиёла чой баҳона дастурхон атрофида ташкил этилган суҳбат сентябрь ойида бўладиган саммит хусусида бўлди.

“Саммит мамлакатимиз учун бир қатор янги имкониятларни очади. Айниқса, замонавий технологиялар ва инновацияларни жалб қилиш, саноат корхоналарини модернизация қилиш, экспорт ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, ёш мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, яшил энергетика ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари пайдо бўлади”, – деди дипломат Жин Нам.

Дипломат билан суҳбат жараёнида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги муносабатлар Ўзбекистон мустақиллигининг илк кунларидан бошлангани, сўнгги йилларда янада изчил ривожланиб бораётгани ҳам алоҳида таъкидланди. Асосан, автомобилсозлик, электротехника, ахборот технологиялари ва таълим соҳаларида амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар бунинг яққол исботидир.
Марказий Осиё медиа вакиллари Жанубий Кореянинг Глобал билим ва ривожланиш марказида ҳам бўлишди. Инновацион тарзда яратилган мазкур марказда Жанубий Кореянинг иқтисодий ўсиши ва дунёдаги қудратли давлатлар қаторидан жой олиш тарихи ҳамда босқичларининг тадрижлари кетма-кетликда яратилган.
Журналистлар марказдаги кўргазмаларни томоша қилишаркан, сўнгги юз йилликни ўз ичига олган иқтисодий ривожланиш босқичига ўтишдаги қийинчиликларда бир тан-у, бир жон бўлиб курашган Корея халқининг метин иродаси экспонатлар орқали гавдалантирилганига ҳам гувоҳ бўлишди.

Жаҳонда геосиёсий вазият мураккаблашаётган бир пайтда Марказий Осиё давлатларининг С5+1 форматида ҳамкорлик қилиши ушбу давлатлар учун бирдай айни муҳим қадамлардан ҳисобланади.
Жанубий Корея билан ҳамкорлик минтақанинг халқаро нуфузини ошириш, транспорт-коммуникация тизимларини ривожлантириш ва юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ҳам хизмат қилиши мутахассислар томонидан алоҳида таъкидланмоқда.
Шунингдек, таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик инсон капиталини ривожлантиришга, талабалар ва олимлар алмашинувини кенгайтиришга, рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштиришга замин яратади.
Шу каби ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида ташкил этилаётган «Марказий Осиё – Жанубий Корея» саммити минтақа давлатлари ва Жанубий Корея ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашда муҳим қадам ҳисобланади. Саммитда эришиладиган келишувлар инвестициялар оқимини кўпайтириш, юқори технологияларни жорий этиш, саноат кооперациясини кенгайтириш ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга ҳам хизмат қилади.
Шу боис ушбу саммит нафақат бугунги кун, балки келажак тараққиёти учун ҳам стратегик аҳамиятга эга халқаро мулоқот платформаси сифатида баҳоланади.

Шерали Отабоев, (Сеул. Жанубий Корея) ЎзА