“Марказий Осиё – Россия”: экологик ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасида “Марказий Осиё – Россия” формати доирасида 2025–2027 йилларга мўлжалланган Қўшма ҳаракатлар режасини амалга ошириш бўйича Йўл харитаси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган видеоконференция бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси экология вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков, Россия Федерацияси табиий ресурслар ва экология вазири ўринбосари Дмитрий Тетенкин, Қозоғистон Республикаси экология ва табиий ресурслар вазири ўринбосари Мансур Ошурбаев ҳамда Қирғиз Республикаси табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазирлигининг халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Чингиз Кочоров иштирок этди.
Учрашув давомида экологик соҳадаги олти томонлама Ишчи гуруҳ фаолияти, 2025–2027 йилларга мўлжалланган Қўшма ҳаракатлар режасининг “Экология соҳасида” бўлими бўйича Йўл харитаси лойиҳаси ва уни келишишнинг кейинги механизмлари муҳокама қилинди.
Видеоконференцияда сўзга чиққан Жусипбек Казбеков иқлим ўзгариши, ерларнинг деградацияси, сув ресурсларининг қисқариши, биохилма-хилликнинг камайиши ҳамда экстремал табиий ҳодисаларнинг кўпайиши минтақа давлатлари учун умумий таҳдид эканини таъкидлади. Ушбу муаммоларни ҳал этиш учун мамлакатлар ўртасида яқин ҳамкорлик муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, Марказий Осиё иқлим ўзгариши оқибатларига энг кўп таъсирчан ҳудудлардан бири экани айтилди. Музликларнинг тез суръатларда эриши, чўлланиш жараёнларининг кучайиши, ерлар деградацияси ва сув ресурсларига босимнинг ортиб бораётгани минтақадаги асосий экологик муаммолар сифатида қайд этилди.
Ўзбекистон томони атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш соҳаларида минтақавий ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади. “Марказий Осиё – Россия” формати илмий салоҳиятни бирлаштириш, тажриба алмашиш ва амалий ечимлар ишлаб чиқиш учун муҳим майдон сифатида эътироф этилди.
Учрашув иштирокчилари 2025–2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик Йўл харитаси лойиҳасини қўллаб-қувватлаб, иқлим ўзгариши бўйича қўшма тадқиқотлар ўтказиш, экологик мониторинг ва маълумот алмашиш тизимларини ривожлантириш, биохилма-хилликни сақлаш ҳамда илмий ҳамкорликни кенгайтириш каби йўналишларнинг долзарблигини қайд этди.
Якунда томонлар Йўл харитаси лойиҳасини келишиш бўйича ҳамкорликни давом эттириш ва “Марказий Осиё – Россия” формати доирасида экологик ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА