Марказий Осиё – АҚШ: сиёсий мулоқотдан амалий шериклик сари
Марказий Осиё халқаро сиёсат ва иқтисодиётда ўз ўрнига эга минтақа сифатида тобора фаоллашмоқда. Давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончнинг мустаҳкамланиши, иқтисодий алоқаларнинг кенгайиши ташқи шериклар билан ҳамкорлик учун янги имкониятлар очди.
Ушбу жараёнда “Марказий Осиё – АҚШ” (C5+1) мулоқоти ҳам сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. 2015 йилда Самарқандда асос солинган мазкур формат ўтган давр мобайнида ташқи ишлар вазирлари даражасидаги маслаҳатлашувлардан давлат раҳбарлари иштирокидаги олий даражадаги саммитларгача бўлган салмоқли ривожланиш йўлини босиб ўтди.
2023 йил Нью-Йоркда, 2025 йил Вашингтонда ўтказилган саммитлар ҳамкорликнинг сиёсий ва иқтисодий аҳамиятини оширди. Бугун кун тартибида инвестициялар, муҳим минерал ресурслар, транспорт, энергетика ва янги технологиялар устувор ўрин тутмоқда. Мазкур мулоқотнинг бугунги ҳолати, Ўзбекистон учун имкониятлари ва келгуси истиқболлари ҳақида сиёсий фанлар доктори, профессор Сайфиддин Жўраев билан суҳбатлашдик.
– “Марказий Осиё – АҚШ” мулоқоти ўн йил давомида қандай ўзгарди? Унинг бугунги аҳамияти нимада?
– Мазкур формат 2015 йил 1 ноябрда Самарқандда ташкил этилган. Дастлаб у хавфсизлик, иқтисодий алоқалар ва атроф-муҳит масалалари бўйича маслаҳатлашув майдони эди. 2017–2020 йилларда мулоқот мунтазам тус олди. Бунда Ўзбекистоннинг очиқ ташқи сиёсатга ўтиши ва минтақа давлатлари ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши муҳим ўрин тутди.
2020 йилда АҚШнинг Марказий Осиё бўйича стратегиясида C5+1 асосий ҳамкорлик механизмларидан бири сифатида белгиланди. 2023 йил Нью-Йоркда биринчи саммитнинг ўтказилиши эса муносабатларни давлат раҳбарлари даражасига олиб чиқди. 2025 йил ноябрда Вашингтонда бўлиб ўтган иккинчи саммитдан сўнг ҳамкорликда амалий иқтисодий манфаатлар янада устувор аҳамият касб эта бошлади. Энг муҳим ўзгариш шундаки, аввал минтақавий хавфсизлик ва Афғонистон масаласи асосий ўринда турган бўлса, бугун инвестиция, саноат, транспорт, энергетика ва технологиялар ҳамкорликнинг асосий йўналишларига айланмоқда.
– АҚШнинг Марказий Осиёга қизиқиши кучайишини қандай изоҳлайсиз?
– Бунинг биринчи сабаби минтақанинг ўзидаги ўзгаришлардир. Марказий Осиё давлатлари ўртасида ўзаро ишонч мустаҳкамланди, савдо ва иқтисодий алоқалар кенгайди. Давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари минтақавий ҳамкорликнинг мунтазам механизмига айланди. Таҳлилларга кўра, минтақада ўзаро савдо 10,7 миллиард долларга етган. 2024 йилда мамлакатларнинг умумий ялпи ички маҳсулоти қарийб 500 миллиард долларни ташкил этган. Иқтисодий ўсиш суръатлари жаҳон ўртача кўрсаткичидан тахминан уч баробар юқори.
Иккинчи омил жаҳон иқтисодиётидаги ўзгаришлар. Глобал таъминот занжирларининг қайта шаклланиши ва халқаро беқарорлик муқобил транспорт йўлакларига талабни оширди. Бу Транскаспий халқаро транспорт йўналиши – Ўрта йўлакнинг аҳамиятини кучайтирмоқда.
– C5+1 формати Ўзбекистонга қандай иқтисодий имкониятлар яратмоқда?
– Ўзбекистон мазкур форматни инвестициялар жалб этиш, янги технологияларни ўзлаштириш ва ташқи иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш воситаси сифатида кўради. 2025 йилда Америка компаниялари билан умумий қиймати 100 миллиард доллардан ортиқ келишувлар портфели шакллантирилди. Улар авиация, тоғ-кон саноати, молия, тиббиёт ва бошқа йўналишларни қамраб олади. “Boeing”, “Citigroup”, “Cleveland Clinic” каби компаниялар билан ҳамкорлик шулар жумласидан. Лойиҳаларни мувофиқлаштириш учун АҚШ Эксимбанки ва DFC иштирокида қўшма механизм ташкил этилди. Бироқ бу ерда бир жиҳатни фарқлаш зарур. Келишувларнинг умумий қиймати ҳали амалда киритилган инвестициялар дегани эмас. Натижа янги корхоналар, иш ўринлари, технологиялар ва тайёр маҳсулотлар билан ўлчаниши керак.
Айниқса, минерал ресурсларни фақат хомашё сифатида экспорт қилиш билан чекланмаслик лозим. Уларни мамлакатнинг ўзида қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва юқори қўшилган қиймат яратиш асосий мақсад бўлиши керак.
– Сизнингча, ҳамкорликнинг қайси йўналишлари энг истиқболли ҳисобланади?
– Биринчи навбатда, муҳим минераллар ва тоғ-кон саноати. Бу соҳада АҚШ технологиялари ва инвестицияларини жалб қилиш имкониятлари катта. Иккинчи йўналиш энергетика. Қайта тикланувчи энергия манбалари, электр тармоқларини модернизация қилиш ва энергия сақлаш технологиялари бўйича қўшма лойиҳаларни ривожлантириш мумкин. Учинчиси транспорт ва логистика. Ўрта йўлак, Трансафғон темир йўли ва божхона жараёнларини рақамлаштириш минтақанинг халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиради. Шунингдек, сунъий интеллект, киберхавфсизлик, тиббиёт, таълим ва қишлоқ хўжалигида ҳам ҳамкорлик салоҳияти юқори.
– Келгуси йилларда C5+1 қандай ривожланиши мумкин?
– Таҳлилда тўртта эҳтимолий сценарий кўриб чиқилган. Биринчиси институционаллашув. Бунда узоқ муддатли ҳамкорлик дастури қабул қилиниб, доимий котибият ташкил этилади ва йирик минтақавий лойиҳалар амалга оширилади. Иккинчиси прагматик ривожланиш. Сиёсий мулоқот юқори даражада сақланади, иқтисодий келишувлар босқичма-босқич бажарилади, аммо минтақавий лойиҳалар нисбатан секин илгарилайди. Менимча, ҳозирги шароитда энг эҳтимолли сценарий шу. Учинчиси инерция. АҚШнинг бошқа халқаро муаммоларга эътибори кучайиши натижасида формат фаоллиги пасайиши мумкин.
Энг мақбул йўл форматни узоқ муддатли ва амалий натижага йўналтирилган шериклик механизмига айлантириш. Бунинг учун келгуси ўн йилликка мўлжалланган дастур қабул қилиш, Самарқанд ёки Тошкентда мувофиқлаштириш марказини ташкил этиш, қўшма инвестиция лойиҳалари банкини шакллантириш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, минерал ресурсларни маҳаллий қайта ишлаш, транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантириш, сунъий интеллект ҳамда муҳандис кадрлар тайёрлаш бўйича қўшма дастурларга эътибор қаратиш лозим.
Уларнинг ўзаро уйғунлиги ҳамкорликнинг сиёсий вазиятга қарамлигини камайтириб, иқтисодий самарадорлигини ошириши мумкин. Энг муҳими, Марказий Осиё йирик давлатлар рақобатининг объекти эмас, балки ўз манфаатлари ва ташаббусларига эга мустақил минтақа сифатида иштирок этиши керак. Ўзбекистон эса минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги тажрибаси орқали C5+1нинг келгуси босқичини шакллантиришда фаол ўрин тутиши мумкин.
Пировардида, мазкур форматнинг муваффақияти қабул қилинган декларациялар ёки имзоланган келишувлар сони билан эмас, балки амалга оширилган лойиҳа, яратилган иш ўринлари ва минтақа аҳолиси ҳаётидаги аниқ натижалар билан баҳоланиши лозим.
ЎзА мухбири
Дилшод ҲАКИМОВ
суҳбатлашди.