Марказий Осиёда ягона корхона
Жиззах шаҳридаги “Sofitel” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар юқори сифати билан харидорларга манзур бўлмоқда.
Жиззах шаҳридаги “Sofitel” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар юқори сифати билан харидорларга манзур бўлмоқда.
Маҳаллий хом ашёдан металл ва матоларга ранг берувчи ультрамарин бўёқлари ишлаб чиқарувчи мазкур корхона Марказий Осиёда ягонадир.
Мазкур корхонага Хитой “Zhongtian Shandong” компаниясининг 1,6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри инвестицияси, “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг 6,5 миллион долларлик кредити, тадбиркорнинг 2 миллион доллар ҳажмдаги маблағи йўналтирилган.
Ишлаб чиқариш цехлари Хитойнинг энг сўнгги русумдаги замонавий технологиялари, асбоб-анжомлари билан жиҳозланган. Шу йилнинг октябрь ойида биринчи навбати ишга туширилган корхона йилига 4 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.
– Корхонамизда маҳаллий хом ашё – кальций содаси, олтингугурт, каолин, кварц қуми кукуни ва кўмирдан бўёқ маҳсулоти ишлаб чиқарилади, – дейди “Sofitel” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона менежери Қобил Комилов. – Кальций содаси Қорақалпоғистон Республикасидан, олтингугурт Муборак газни қайта ишлаш заводидан, каолин Ангрендан, кўмир Тошкентдан, кварц қуми кукини эса Форишдан келтирилмоқда. Ишлаб чиқаришда маҳаллий хом ашёдан кенг фойдаланилаётгани маҳсулот таннархини арзонлаштириш имконини бермоқда.
Қўшма корхонада тайёрланаётган маҳсулот 100 фоиз экспортга йўналтирилади. Яқинда қўшма корхона Хитойнинг “Shandong Zhjngtian Qunaing New Material” CО.LTD компанияси билан илк шартномани имзолади. Мазкур шартномага асосан ҳамкорларга 143,2 тонна бўёқ жўнатиладиган бўлди.
Қўшма корхонанинг биринчи навбати ишга туширилиши билан 154 та иш ўрни яратилди. Бу ерда ишлаётганларнинг барчаси маҳаллий ёшлар, уй бекаларидан иборат.
– Замонавий корхонада ишлаётганимдан хурсандман, – дейди тайёрлов цехи бригадири Нилуфар Жўраева. – Ишчиларнинг аксарияти шу пайтгача бирор ерда ишламаган хотин-қизлар. Бизга хитойлик мутахассислар иш ўргатди. Ҳозир барчамиз компьютерлаштирилган тизимда ишловчи замонавий технологияларни тўлиқ ўзлаштириб олдик. Меҳнат шароитлари яхши, дам олишимиз учун қулайлик яратилган.
Заводнинг 2020-2022 йилларга мўлжалланган иккинчи навбати ишга тушиши билан маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ҳам, иш ўринлари ҳам ҳозиргига нисбатан 1,5 баробарга ошади.
МДҲда иккинчи, Марказий Осиёда ягона саналадиган корхона маҳсулотига жаҳон бозорида талаб юқори. Шунинг учун корхона қувватини босқичма-босқич ошириб, 2022 йилда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 10 минг тоннага етказиш режалаштирилган.
Айни пайтда вилоятда хорижий ва қўшма корхоналар сони 150 тадан ошди. Уларнинг 45 таси жорий йилда рўйхатдан ўтказилди.