Марказий банк: инфляция жиловланди, долларлашув даражаси камайди (+видео)
Марказий банк ташаббуси билан мамлакатимизда илк бор “Пул-кредит сиёсати мулоқоти – 2026” халқаро форуми ўтказилди. “Глобал ноаниқлик ва рақамлаштириш тўлқини шароитида пул-кредит сиёсати” мавзусига бағишланган анжуман марказий банклар, халқаро молия институтлари ҳамда академик доира вакилларини бир майдонда жамлаб, замонавий иқтисодиёт олдида турган долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун муҳим платформага айланди.
Форумда бугунги кунда жаҳон иқтисодиётида кечаётган геосиёсий ўзгаришлар, ташқи хатарлар ва рақамли трансформация жараёнлари марказий банклар олдига мутлақо янги вазифаларни қўяётгани таъкидланди. Қайд этилганидек, иқтисодий ноаниқликлар энди вақтинчалик ҳолат эмас, балки пул-кредит сиёсатини юритишнинг доимий муҳитига айланиб бормоқда.
Шу муносабат билан форум марказий банклар, халқаро молия институтлари ва илмий жамоатчилик ўртасида тажриба алмашиш, долзарб муаммолар бўйича очиқ мулоқот қилиш ҳамда амалий ечимлар ишлаб чиқишга хизмат қилувчи самарали майдон сифатида баҳоланди.
Форум доирасида ташкил этилган панель муҳокамаларида Халқаро валюта жамғармаси вакиллари, қатор давлатлар марказий банклари раҳбарлари, нуфузли хорижий университетлар олимлари ҳамда иқтисодчи экспертлар иштирок этди.
Муҳокамаларда Ўзбекистонда инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш жараёни ва бу борада қўлга киритилган натижалар алоҳида эътироф этилди. Хусусан, мамлакатда инфляция даражаси 2018 йилдаги қарийб 20 фоиздан 2026 йил май ҳолатига 5,5 фоизгача пасайгани, базавий инфляция эса 5,7 фоиз атрофида шакллангани қайд этилди.
Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари ҳам сезиларли даражада камайиб, ўртача 20 фоиздан 10 фоизгача тушгани маълум қилинди. Бу эса пул-кредит сиёсатига бўлган ишончнинг мустаҳкамланаётганини кўрсатувчи муҳим омил сифатида баҳоланди.
— Ўзбекистонда ўтказилаётган мазкур икки кунлик йирик тадбирда делегациямиз билан иштирок этмоқдамиз, — дейди Польша Республикаси Молия вазирлиги вакили Силвия Рокицка. — Бу Жаҳон банки гуруҳи ва Халқаро валюта жамғармаси таркибидаги сайлов округимизга аъзо давлатлар учрашувидир. Менинг фикримча, бу жуда муҳим ва нуфузли тадбир. Айниқса, жорий йилда мазкур сайлов округига раислик қилаётган Ўзбекистон учун унинг аҳамияти беқиёс. Бу нафақат иқтисодий сиёсат ва ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш, балки мамлакатнинг сўнгги йиллардаги тараққиёти ва ислоҳотларини халқаро ҳамжамиятга намоён этиш учун ҳам муҳим майдон. Бугунги кунда Ўзбекистон Марказий Осиёдаги етакчи давлатлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Мамлакат ёш, фаол ва катта салоҳиятга эга жамиятга эгалиги билан ажралиб туради. Давлатда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар барқарор иқтисодий ўсиш ва янги тараққиёт имкониятларини яратаётганини кузатиш жуда қизиқарли. Польша ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар узоқ йиллик дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган. Ишонаманки, бундай мулоқотлар ва учрашувлар ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Форумда миллий иқтисодиётда долларлашув даражасининг изчил қисқариб бораётгани ҳам макроиқтисодий барқарорликнинг муҳим кўрсаткичларидан бири сифатида қайд этилди. Жумладан, банк тизимида хорижий валютадаги депозитлар улуши қарийб 50 фоиздан 20 фоизгача, кредитлар бўйича долларлашув даражаси эса 54 фоиздан 37 фоизгача камайган.
Қайд этилишича, эндиликда асосий вазифалардан бири аҳоли ва бизнес субъектларининг инфляцион кутилмаларини мамлакат учун белгиланган 5 фоизлик инфляция мақсадига яқинлаштиришдан иборат. Бунинг учун эса эҳтиёткор, изчил ва маълумотларга асосланган пул-кредит сиёсатини давом эттириш муҳим аҳамият касб этади.
Форум кун тартибидан рақамлаштириш шароитида пул-кредит сиёсатининг янги йўналишлари ҳам ўрин олди. Хусусан, сунъий интеллект технологияларидан иқтисодий таҳлил ва прогнозлашда фойдаланиш, юқори частотали маълумотлар асосида қарорлар қабул қилиш, рақамли иқтисодиёт ривожи шароитида марказий банклар олдида пайдо бўлаётган янги чақириқлар атрофлича муҳокама қилинди.
— Ривожланаётган давлатлар учун бугунги кундаги энг катта вазифалардан бири — аҳоли ва бизнес вакилларида инфляция бўйича белгиланган мақсадга (таргетга) эришилишига нисбатан ишончни шакллантиришдир, — дейди Оксфорд университети профессори Майкл Макмаҳон. — Бу, энг аввало, инфляциянинг қандай шаклланиши ҳақида доимий таҳлил юритишни, ташқи омиллар ёки кутилмаган вазиятлар туфайли белгиланган мақсадга ўз вақтида эришиш қийинлашиши мумкинлигини тан олишни англатади. Бироқ энг муҳими — ушбу мақсад йўлида изчил иш олиб бориш ва бу жараённи жамоатчиликка очиқ ҳамда тушунарли тарзда етказиш. Одамлар жараённинг моҳиятини англаса, инфляциявий таргетга эришиш анча осон кечади. Бу борада икки муҳим жиҳатни алоҳида таъкидлаш мумкин. Биринчиси, жамоатчилик билан самарали мулоқот қилиш. Бу осон вазифа эмас. Академиклар, сиёсатчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иқтисодий сиёсат мазмунини аҳолига тўғри ва содда тилда тушунтиришда муҳим ўрин тутади. Демак, самарали коммуникация ишончни шакллантиришнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Иккинчи муҳим омил — бугунги глобал иқтисодиётдаги юқори даражадаги ноаниқлик. Дунё турли геосиёсий ва иқтисодий хатарларга дуч келмоқда. Бундай шароитда аҳоли ва бизнеснинг ишончини сақлаб қолиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этади. Қисқа муддатли истиқболдаги энг катта хавф айнан шу ноаниқликлар билан боғлиқ.
Тадбир якунида мазкур халқаро мулоқот платформасини мунтазам ўтказиб бориш режалаштирилаётгани маълум қилинди. Таъкидланганидек, глобал ноаниқликлар, технологик тараққиёт ва пул-кредит сиёсатининг келгуси истиқболига оид самарали ечимлар халқаро ҳамкорликни кучайтириш, илғор тажрибалар алмашиш ва доимий мулоқотни янада ривожлантиришни тақозо этади.
Бугунги форум ана шу мақсадларга хизмат қилувчи муҳим халқаро мулоқот майдони сифатида Ўзбекистоннинг глобал иқтисодий жараёнлардаги фаол иштирокини яна бир бор намоён этди.
<!DOCTYPE html>
<html lang="uz">
<head>
<meta charset="UTF-8">
<meta name="viewport" content="width=device-width, initial-scale=1.0">
<title>YouTube Video</title>
</head>
<body>
<h2>YouTube video</h2>
<iframe
width="650"
height="420"
src="https://www.youtube.com/embed/YoOnVXA5uAU"
title="YouTube video player"
frameborder="0"
allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share"
allowfullscreen>Шаҳноза Маматуропова,
Нишонбой Абдувоитов (видео)
ЎзА