Марказий банк 22 та банк ва 3 та микромолия ташкилотига жарима қўллади
Банк назорати қўмитаси август ойида 34 та масалани кўриб чиқди. 25 та ташкилотга жарима қўлланилди.
Марказий банк ҳузуридаги Банк назорати қўмитаси 2026 йил август ойида ўтказилган 7 та йиғилишда жами 34 та масалани кўриб чиқиб, улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилди.
Қўмита фаолиятида рўйхатга олиш ва рухсат бериш масалалари асосий ўрин тутди. Ушбу йўналишда жами 21 та масала кўриб чиқилди. Жумладан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартишларни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ 9 та масала муҳокама қилинди. Шунингдек, микромолия ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан ўтказиш ва тўлов ташкилотига лицензия беришга оид 3 та, кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушига эгалик қилиш учун рухсат бериш бўйича яна 3 та масала кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари, шунингдек, муҳим аҳамиятга эга ходимлар лавозимларига номзодларни кўриб чиқиш билан боғлиқ 5 та масала муҳокама қилинди.
Август ойида кредит ва тўлов ташкилотларининг молиявий ҳолатига доир 13 та масала ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, Марказий банк кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлар талабларига риоя қилиниши, банк ва нобанк кредит ташкилотларида ўтказилган инспекция текширувлари натижалари, ташкилотлар молиявий хизматларининг «тартибга солиш қумдони» доирасида синовдан ўтказилиши ҳамда банк филиаллари ва бўлинмаларида амалга оширилган назорат тадбирлари муҳокама қилинди. Эътиборлиси, аниқланган қоидабузарликлар учун 22 та банк ва 3 та микромолия ташкилотига нисбатан жарима санкциялари қўлланилди.
Жарима чоралари пруденциал норматив талабларига риоя этилмагани, қонунчилик талабларига мувофиқ фаолият юритилмагани, шунингдек, инспекция текширувлари ҳамда «сирли мижоз» назорат тадбирлари давомида аниқланган қоидабузарликлар билан боғлиқ.
Шу тариқа, август ойида Банк назорати қўмитаси томонидан қабул қилинган қарорлар банк ва молия ташкилотлари фаолиятида қонунчилик ва пруденциал талабларга риоя этилишини таъминлаш, соҳадаги назорат механизмларини янада кучайтиришга қаратилди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА