Маърифий ҳамкорлик таълим сифатини оширишга хизмат қилади
Мустақиллик йилларида диний-маърифий соҳада муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунда хорижнинг энг нуфузли олий таълим даргоҳлари билан кенг ҳамкорликнинг йўлга қўйилгани эътиборга молик. Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясининг бир гуруҳ ўқитувчилари Миср Араб Республикасидаги Ал-Азҳар Халқаро академиясида малака ошириб қайтди.
Бу жараён қандай кечгани хусусида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси “Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар” кафедраси мудири Розия Матибаева ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:
– Миср Араб Республикасидаги Ал-Азҳар Халқаро академиясида “Араб тилини ўрганиш ва ўқитишда инновацион ёндашув кўникмаларини ривожлантириш” мавзусида ташкил этилган икки ҳафталик малака ошириш курси жуда юқори савияда бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясининг 15 нафар профессор-ўқитувчиларидан иборат делегация иштирок этди.

Малака ошириш дастури доирасида иштирокчилар араб тилини бошқа тил эгаларига ўқитишнинг замонавий методикаси, инновацион таълим технологиялари ва илғор педагогик ёндашувлар бўйича маъруза, семинар ҳамда амалий машғулотларда қатнашди. Шунингдек, таълим ва даъват фаолияти уйғунлиги, ўқув жараёнини самарали ташкил этиш ва замонавий таълим усулларини амалиётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўқув машғулотлари давомида иштирокчилар араб тилини ўқитиш соҳасидаги илғор тажрибалар билан танишиб, таълим жараёнига инновацион усулларни жорий этиш, педагогик ёндашувларни такомиллаштириш, ўзаро тажриба алмашиш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлди.
Мазкур малака ошириш курси Ал-Азҳар аш-Шариф шайхи, улуғ имом, профессор, доктор Аҳмад ат-Таййибнинг турли мамлакатлардан келган олимлар, тадқиқотчилар ва профессор-ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини ошириш ҳамда халқаро академик ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари доирасида ташкил этилди.

Дастур доирасида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва Ал-Азҳар Халқаро академияси ўртасидаги илмий-маърифий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, Ал-Азҳар Халқаро академияси мазкур малака ошириш дастури ҳамда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси билан амалга оширилаётган илмий-маърифий ҳамкорликни ўзининг расмий ахборот платформалари ва ижтимоий тармоқларида кенг ёритиб бормоқда.
Малака ошириш курси якунида иштирокчиларга Ал-Азҳар Халқаро академияси томонидан сертификатлар тантанали равишда топширилди. Маросимда Ўзбекистон Республикасининг Миср Араб Республикасидаги элчихонаси вакили Фазлиддин Самаритдинов ҳам иштирок этди.
Мазкур дастур профессор-ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, араб тилини замонавий ва инновацион ёндашувлар асосида ўқитиш сифатини юксалтириш ҳамда икки муассаса ўртасидаги илмий-академик алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Келгусида мазкур ҳамкорлик доирасида малака ошириш ва таълим дастурларини кенгайтириш режалаштирилган. Жумладан, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясининг бакалавриат ва магистратура босқичи талабалари, шунингдек, докторантларнинг ҳам Ал-Азҳар Халқаро академиясида ташкил этиладиган малака ошириш курслари ва ўқув дастурларида иштирок этиши кўзда тутилмоқда. Бу эса ёш мутахассис ва тадқиқотчиларнинг араб тили бўйича билим ва амалий кўникмаларини янада ошириш, халқаро таълим муҳитида тажриба орттириш ҳамда икки муассаса ўртасидаги академик алоқаларни янада кенгайтиришга замин яратади.

Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан яна бири араб тили таълимида сунъий интеллект ва замонавий рақамли технологиялардан фойдаланиш бўйича тажриба алмашишдир. Келгусида ушбу технологияларни ўқув жараёнига жорий этиш, сунъий интеллект асосидаги таълим ресурсларидан фойдаланиш, талабаларнинг тил кўникмаларини индивидуал ёндашув асосида ривожлантириш ҳамда ўқитувчиларнинг рақамли педагогик компетенцияларини оширишга қаратилган ташаббусларни амалга ошириш режалаштирилмоқда. Мазкур йўналиш араб тилини ўқитиш сифатини ошириш баробарида, таълим жараёнини замонавий технологиялар билан уйғунлаштиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва Ал-Азҳар Халқаро академияси ўртасидаги ҳамкорлик доирасида бундай таълимий ва илмий дастурларнинг давом эттирилиши араб тили таълими соҳасида тажриба алмашиш, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ва халқаро академик алоқаларни кенгайтириш учун муҳим аҳамият касб этади.
ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди.