Маърифат ва билим маскани
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро азалдан илм-фан, маърифат ва маданият марказларидан бири сифатида дунёга танилган. Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро вилоят ахборот-кутубхона маркази ана шу улуғ анъаналарни давом эттириб келаётган масканлардан. Бир асрдан ортиқ тарихга эга ушбу муассаса бугунги кунда нафақат китобхонлар, балки илм изловчи ёшлар, тадқиқотчилар ва кенг жамоатчилик учун муҳим маънавий-маърифий марказ вазифасини бажариб келмоқда.
Бугунги кунда марказда 14 та хизмат ва сектор фаолият юритиб, 60 нафар малакали ходим меҳнат қилмоқда. Шунингдек, муассаса вилоятнинг туман ва шаҳарларида фаолият кўрсатаётган 12 та ахборот-кутубхона маркази учун услубий марказ вазифасини бажаради.
[gallery-29878]
Ахборот-кутубхона маркази фондида 23 тилда чоп этилган қарийб 300 минг нусхадаги ахборот-кутубхона ресурслари мавжуд бўлиб, бу кўрсаткич уни республикадаги энг бой фондларга эга кутубхоналардан бирига айлантирган.
Марказда фойдаланувчиларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида 300 ўринли 6 та замонавий ўқув зали ташкил этилган, улар зарур техник воситалар ва интернет тармоғи билан таъминланган.
“Ўзбекистон” ҳамда “Маданий-маърифий ва ёшлар” ўқув залларида ташкил этилган очиқ фондлар китобхонларга ўзлари қизиққан адабиётларни мустақил танлаш, янги нашрлар билан танишиш ва буюртма бериш имкониятини яратмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА