Марғилонда Кореянинг INHA University филиали очиладими?
70 йилдан ортиқ тарихга эга INHA University Жанубий Кореянинг муҳандислик, ахборот технологиялари ва бизнес йўналишлари бўйича етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Чонгсок жамғармаси INHA University, Корея аэрокосмик университети, Инҳа техника коллежи ва Чонгсок авиация ўрта мактабини ўз ичига олган тўртта таълим муассасаси фаолиятини бошқаради. Ана шундай нуфузли олий ўқув юрти Марғилонда ўз кампусини очмоқчи.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров шу мақсадда Фарғонага келган Жанубий Кореянинг Чонгсок жамғармаси раиси Сунг Ёнг Пак ва INHA University президенти Чой Ки Ёнг бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда Фарғона вилоятида таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

INHA Universityнинг Фарғона вилоятидаги кампусида сунъий интеллект, киберхавфсизлик ва муҳандислик йўналишларини очиш, талабалар қабул квотасини ошириш ҳамда қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди.

Вилоят ҳокими мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши ҳудудда таълим сифатини ошириш, замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассислар тайёрлаш, шунингдек, IT соҳасидаги имкониятларни янада кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлаб, уни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Учрашув якунида таълим, илм-фан ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш, Фарғона вилоятида “INHA University” кампусини ташкил этиш лойиҳасини амалий босқичга олиб чиқиш ва уни жадаллаштириш бўйича келишувларга эришилди.
Учрашувда Марғилон шаҳар ҳокими Элбек Рустамов ҳам иштирок этди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА