Мардлик, шижоат, ифтихор тимсоли
Байроғимиз – фахримиз, ғуруримиз. Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 33 йиллигига бағишланган маърифий тадбирлар, эзгулик акциялари, спорт мусобақалари, мусиқий байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Пойтахтимиздаги “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида ҳам эрта тонгдан мусиқа садолари янгради. “Тошкент ёшларни севади” лойиҳаси доирасидаги ушбу йирик тадбир Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси, Миллий гвардия, Мудофаа бошқармаси ва кўплаб ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилиб, ёшликка хос жўшқинлик, завқ, ўзгача кўтаринки руҳда ўтказилди.
Тадбирга талаба-ёшлар, маънавият тарғиботчилари, устозлар, кенг жамоатчилик вакиллари ташриф буюрди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг ўринбосари Отабек Маҳкамов, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Дурдона Раҳимова, Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Бобур Мирзаев мамлакатимиздаги ўзгаришлар Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топганини таъкидлади.
[gallery-20425]
Дарҳақиқат, 1991 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи ҳурлигимиз, озодлигимиз, қўҳна тарихимиз, эзгу ва покиза интилишларимизнинг, юртимиздаги янгиланиш жараёнларининг ўзига хос кўзгуси саналади.
Тарихдан маълумки, давлат байроғи адолат, буюк куч-қудрат рамзи сифатида эъзозланган. Жангу жадалларда юксак мардлик ва жасорат белгиси сифатида энг кучли, баҳодир, садоқатли ўғлонларга ҳадя этилган. Айни пайтда ёшлар онгида ватанпарварлик туйғусини шакллантиришда бу каби тадбирларнинг ўрни беқиёсдир.
– Бугунги кунда юрт байроғи давлатимиз раҳбарининг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, нуфузли халқаро саммит ва анжуманларда, йирик спорт мусобақаларида, фан олимпиадаларида, маданият ва санъатга доир кенг қамровли дастурлар давомида мағрур ҳилпирамоқда, – деди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси Аслбек Абдуҳакимов. – Юртнинг муқаддас тимсолларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларни қадрлаш, асраб-авайлаш бизнинг ҳам фарзандлик, ҳам фуқаролик бурчимиз.
–Давлатимизнинг мўътабар тимсолларига бағишланган тантанали тадбирлар, эзгулик акциялари, концерт ва мусобақалар фақатгина улар қабул қилинган саналарда эмас, йил давомида ўтказиб келинмоқда, – деди пойтахтимиздаги “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ҳокими Рустамбек Мардонов. – Зеро, бу каби тадбирлар ёш авлод қалбида ватанпарварлик, миллатпарварлик, фаол фуқаролик позицияни янада мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этади.
Тантанали тадбирда она –Ўзбекистонимиз, истиқлолимиз, самимий ва беғубор туйғуларни тараннум этувчи қўшиқлар янгради.
Назокат Усмонова,
Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА