Мардлар майдонда беллашди
Сирдарё вилоятининг Ховос туманидаги “Соҳибкор” маҳалласида ўтказилган белбоғли кураш бўйича Республика очиқ турнири оддий спорт мусобақасидан кўра кўпроқ халқ сайили, хотира тадбири ва миллий ғурур байрамига айланди.
9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ташкил этилган мазкур турнирга юртимизнинг турли ҳудудларидан келган номдор полвонлар, шунингдек, Қирғизистон ва Тожикистондан ташриф буюрган спортчилар қатнашди. Аммо майдондаги муҳитга қараб, бу ерга фақат ғалаба учун эмас, миллий қадрият ва полвонлик шаъни учун келинганини англаш қийин эмасди.

Кураш бошланиши билан майдон атрофида йиғилган юзлаб мухлисларнинг ҳайқириғи ҳавони титратди. Айниқса, ховослик полвонлар даврага тушганда томошабинлар орасидаги ҳаяжон янада кучайди. Чунки бу юртда кураш — оддий спорт тури эмас. У авлоддан-авлодга ўтиб келаётган жасорат, мардлик ва ғурур мактаби.
Ёши улуғ оталар полвонларнинг ҳар бир усулини таҳлил қилиб туришса, ёш болалар уларга ҳавас билан тикилишарди.


Мусобақа яна бир жиҳати билан аҳамиятли бўлди. Беллашувлар шу ҳудудда яшаб, ўз даврида довруқ қозонган машҳур полвонлар ҳамда заҳматкаш инсонлар — боғбонлар, ширкат раҳбарлари хотирасига бағишланди. Бир вақтлар саҳрони гўзал масканга айлантирган, халқ дастурхонини ширин узумлар билан тўлдирган инсонлар номи спорт майдонида эҳтиром билан тилга олинди.

Шиддатли ва муросасиз кечган баҳсларда Беҳруз Абдуалиев, Шердор Ғофуров, Ҳусан Абдуҳакимов, Умиджон Холматов, Акром Алижонов, Бўстон Гургунов, Мангуберди Имянов, Бахтиёр Жумабоев, Умид Ортиқов, Муҳаммад Қодиров, Аъзамжон Анваржонов ҳамда Ислом Носиров каби полвонлар ғолибликни қўлга киритиб, мухлислар олқишига сазовор бўлишди.
Энг қизиғи, беллашувлар тугаганидан кейин ҳам майдон анча вақтгача гавжум бўлди. Кимдир полвонлар билан суратга тушди, кимдир уларнинг усулларини муҳокама қилди. Ёшлар эса келаси мусобақада ўзини шу даврада кўришни орзу қилишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири