“Мардикор бозорлари”га эҳтиёж борми? (+видео)
Пойтахтимизнинг маълум бир ҳудудларида кунлик иш изловчи фуқаролар йўл-қатнов қисми четларида, йўл-ҳаракат қоидалари ва жамоат тартиби қоидаларини бузган ҳолда жам бўлиб туришади.
Улар орасида кунлик иш билан қозон қайнатаётган хотин-қизлар, омади чопса, иш топиб, уйига ул-бул олиб киришни режалаштирган эркаклар бор... Уларнинг ёши ҳам турлича. Бу ерда ўсмир ёшдагилардан бошлаб кексайиб қолганларни ҳам кўрасиз.
Ана шу юртдошларимизга қулайроқ меҳнат шароити яратиш, уларнинг ҳавфсизлигини таъминлаш, иш берувчи ва иш изловчилар ўртасида мулоқот майдони яратиш мақсадида ташкил этилган “Кунлик ишчилар маркази” фаолияти кенгайиб бормоқда.
Бундай тажриба қандай самара бермоқда? Агар бу марказларда ҳамма шароит яратилган бўлса, нега иш қидирганлар ҳамон йўл четида туришни афзал кўришмоқда? Бир кунлик иш излаганлар доимий ишлашни нега ҳоҳламайди?
Тошкент шаҳри Бандлик бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ойгул САТТОРОВА шу мавзудаги саволларимизга атрофлича жавоб қайтарди.
– Йўл четида иш излаб турувчи инсонлар бизнинг оғриқли нуқтамиз, – дейди О.Сатторова. – Айни вақтда пойтахтимизнинг саккиз туманида ана шундай марказлар ишлаб турибди. Замонавий тарзда қурилган биноларда ҳамма шароит яратилган. Кутубхона дейсизми, “душ”ми ёки иш қуроллари ҳаммаси бор. Бироқ бир марталик иш сўраб келадиганларни бу марказга жалб қилишга қийналаяпмиз.
– Нега улар қулайликлари бор бинода эмас, совуқда, ёғин-сочинда кўчада туришни истайди, бунинг бирор сабаби бордир?
– Бунинг сабаби, иш берувчилар автомобилда келади ва йўл юзида тўхтайди. Кейин ҳамма машина устига ёпирилади. Агар ҳуқуқ органлари бизга ёрдам бериб, иш берувчиларнинг йўл юзида тўхташи олдини олса, яхши бўларди. Чунки улар йўл четида турган одамни олади, ичкарида ўтирганлар қолиб кетаверади. Ана шунинг учун қанча харажат билан қурилган марказлар бўш турибди, одамларни унинг ичига олиб кириб бўлмаяпти.
– Миллий гвардия ёки ҳуқуқ посбонлари кўмагида куч ишлатиш бирор самара беришига ишониш қийин. Балки бошқа бирор йўллари бордир?
– Ҳозирча бошқа йўлни кўрмаяпмиз. Биз иш берувчини марказ ичига олиб кирсак, иш қидирганлар ҳам киради. Марказлар доим очиқ, рўйхатлар шакллантирилган, компьютерлар қўйилган, агар шу ерда иш берувчи ҳам рўйхатга олинса, жуда яхши бўларди. Шунда ишга бораётган одамнинг қаерга кетаётгани, нима иш билан шуғулланиши ҳақидаги аниқ маълумотларга эга бўламиз. Шу боис, одамларни марказлар ичига олиб киришимиз керак. Лекин нега Тошкентда ҳаммасини назорат қиламиз, нега бошқа жойларда ҳокимлик ёки маҳалла фуқаронинг қаерда юргани, нима билан бандлиги билан қизиқмайди.
– Бир кунлик иш қидирганларнинг кўпчилиги вилоятдан келади, деган фикрни айтдингиз. Вилоятларда ҳам бандлик марказлари бор, ҳамкорликни йўлга қўйишнинг иложи йўқми?
– Бироқ бу ҳамкорлик фақат бандлик марказлари билан битмайди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳам биз билан ҳамкорлик қилиши керак. Биласизми, улар биз таклиф қилган ишга бориб, ишлаши хоҳламайди. Шундай аёллар бор, 20-25 йилдан буён бир кунлик ишга чиқади.
– Маълумотларга кўра, бир марталик иш бериш марказларида жорий йилнинг январь ойида 377 та фуқаро рўйхатга олинган. Улар рўйхатга олингандан кейин нима ёрдам кўрсатилади? Фақат рўйхатга олиш билан нима ўзгаради?
– Биз ҳозирча иш қидирганларнинг рўйхатини шакллантирдик. Бу бола қарайди, буниси электрик, буни сувоқчи деган рўйхатимиз бор. Ана шу асосда иш берувчи келиб, қандай касб эгасига эҳтиёжи борлигини айтса, уларга таклиф берамиз. Шунингдек, рўйхатдан ўтган иш изловчиларнинг зарурий иш қуроллари билан боғлиқ муаммолари барҳам топиб, меҳнат муҳофазасининг кафолатланишига эришилади.
Мен кўпроқ хотин-қизларнинг тақдирига ачинаман. Эрталаб соат 4.30. Қўйлиқ даҳасига борсангиз, юзга яқин аёлларни кўрасиз. Уларни ким, қаерга олиб кетаётганини ҳеч ким билмайди. Шу жойда хотин-қизларнинг тақдирига бефарқдай бўлиб қоляпмиз. Уни қилдик, буни қилдик, деб ”урра-урра” қилган билан натижа бўлмаса, ҳаммаси бекор.
– Одамлар бир марталик ишни бир кун топади, бир кун йўқ. Уларни ҳар куни иш топиб, ишлайди деб ўйламайман. Шундай бўлсада, нега улар доимий ишдан кўра, бир марталик ишни афзал кўради?
– Бир мисол айтаман. Қўйлиқ даҳасига тушга яқин борсам, 15-20 аёлни, 30 эркакни кўрдим. Хурсанд бўлдим, иш қидирганлар сони камайибди, деб. Кейин тонгги соат 4.30 бордим. У ерда 100 га яқин аёл ва 200 дан ортиқ эркакни кўрдим. Мен кўрган оз чоғли одамлар эрталабки ишлардан қолиб кетганлар экан. Демак, бу бозорда ҳар куни иш топилади.
Кунлик иш ҳақига ўрганганлар доимий ишга боргиси келмас экан. Бунга қайта-қайта гувоҳ бўлдим. Яқинда ҳам бир кунлик иш қидириб юрган икки аёлни машинага ўтқазиб, Медиапаркка фаррошлик учун олиб бордим. Икки кун ишлаб, бир кун дам олади ва ойлиги бир ярим миллион сўм. Улар ҳисоб-китоб қилиб, бир ярим миллионни ўн кунда топамиз, деди ва таклифни рад қилиб қайтиб кетишди. Мана сизга жавоб. Яна бир мисол, Юнусободдаги учрашувда бир одам савол берди. Ўқитувчи экан, лекин етти йилдан буён бир марталик иш қидириб чиқар экан. Биз у одамга иш таклиф қилдик ва “Кунлик ишчилар маркази”га директор лавозимига тайинладик. Бир ой ишлаб кетиб қолди, маошдан қониқмади. Яна бир марталик иш қидиришда давом этмоқда.
<iframe width="1423" height="588" src="https://www.youtube.com/embed/E7LY4EtND5o" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Сайёра Шоева,
Ёқуб Мелибоев(+видео),
ЎзА