Мақсад — аҳоли саломатлигини асраш
Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмасида 10 ўринли гемодиализ, 10 ўринли нефрология бўлимлари фаолияти йўлга қўйилиб, унга Германия давлатида ишлаб чиқарилган 10 дона замонавий “B Braun Dialog+” гемодиализ аппаратлари келтирилиб ўрнатилган эди.
Бу давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 12 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига нефрология ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, унда белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилган.

Бу саъй-ҳаракат сабаб вилоятнинг Боёвут, Ховос туманлари, Ширин, Янгиер шаҳрида истиқомат қилаётган, ўткир буйрак етишмовчилиги бўлган беморлар гемодиализ хизматига қамраб олинди.
Натижада терминал ва ўткир буйрак етишмовчилиги билан хасталанган беморларни даволаш, уларни соғлом ҳаётга қайтариш, умр кўриш давомийлигини узайтириш имконияти кенгайди.
Жорий йил ва ўтган бир йил давомида мазкур бўлимнинг малакали ва етакчи шифокорлари томонидан 244 нафар, терминал ва ўткир буйрак етишмовчилиги билан хасталанган беморларга 2 минг 292 маротаба гемодиализ муолажалари ўтказилган бўлса, нефрология бўлими мутахассислари томонидан 213 нафар беморга малакали тиббий хизмат кўрсатилди.

– Қандли диабет, сурункали гломерулонефрит ва пиелонефрит, буйрак поликистози неврологик касалликлар, буйрак нефронлари, яъни қилнайчаларининг зарарланиш даражаси ошиб бориши ва фаол нефронлар миқдорининг камайиб кетиши эса сурункали буйрак етишмовчилиги касалликлари келиб чиқишига сабаб бўлади, – дейди Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмаси шифокори Ғойибназар Райимназаров. — Энг ёмони бемор касалликни илк даврида ҳис этмаслиги. Кейинчалик, организмдаги ўзгаришлар; тез-тез чанқаш, оғиз қуриши, терининг қуруқлашиб, қичишиши, қусиш, камқонлик, нафас аъзолари, юрак томирлари ва меъда ичак фаолиятидаги бузилиш аломатлари, кечки пешобнинг кундузгидан кўпайганлиги сабаб безовталаниб, шифокорга мурожаат қилади. Бу эса, касалликни ўта жиддий тус олишига, даволаниш муолажалари чўзилишига, бора-бора терминал ва ўткир буйрак етишмовчилиги касаллигини келтириб чиқариб, гемодиализ муолажалари олишига сабаб бўлиши мумкин.
Янгиерда иш бошлаган Нефрология ва гемодиализ бўлими терминал ва ўткир буйрак етишмовчилиги хасталиги билан касалланган беморлар учун мадад масканидир. Олдинлари, ушбу ҳудудларда истиқомат қилган беморлар ва уларнинг яқинлари вилоят маркази Гулистон шаҳридаги вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига қатнаган бўлса, энди бунга ҳожат қолмади.
Шуҳрат Суяров, ЎзА