Мақом санъати ижодий бирлашмаси фаолиятини самарали ташкил этиш муҳокама этилди
Юртимизда миллий маданий меросни асраб-авайлаш, санъатнинг ноёб намуналарини келгуси авлодларга етказиш ва ижодкорларни қўллаб-қувватлашга оид ислоҳотлар изчил давом этмоқда.
Хусусан, мақом санъатини ривожлантириш, унинг бой анъаналарини сақлаш ва замонавий маданий жараёнлар билан уйғунлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 2 июндаги «Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ижроси доирасида ижодий бирлашмалар фаолиятини замонавий талаблар асосида ташкил этиш, уларнинг устувор вазифаларини белгилаш ҳамда ижодкорлар учун янги имкониятлар яратиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу мақсадда Мақом санъати ижодий бирлашмаси фаолиятини самарали ташкил этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маданият бўйича вакили Ҳасан Солиҳов, Маданият вазирлиги масъуллари ҳамда Мақом санъати ижодий бирлашмаси ижодий раҳбари Муножот Йўлчиева иштирок этди.
Йиғилишда бирлашманинг келгусидаги фаолиятини аниқ мақсад ва вазифалар асосида йўлга қўйиш, ташкилий ва ижодий йўналишларни янада такомиллаштириш, мақом санъатининг миллий мерос сифатидаги аҳамиятини юксалтириш ҳамда уни янги авлодга муносиб тарзда етказиш масалалари муҳокама қилинди.

Маълумки, мақом — халқимизнинг кўп асрлик маънавий ва мусиқий меросини ўзида мужассам этган ноёб санъат турларидан бири. Шу боис унинг анъаналарини чуқур ўрганиш, мавжуд илмий ва ижодий меросни тизимлаштириш ҳамда янги тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш муҳим вазифалардан бири сифатида қайд этилди.
Йиғилишда мақом санъатининг бой миллий меросини илмий ва ижодий жиҳатдан ўрганиш, соҳага оид тадқиқотларни рағбатлантириш, мақом намуналарини асраб-авайлаш ва уларни замонавий авлодга етказиш механизмларини янада такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, мақом санъати намояндаларининг ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, янги ижодий лойиҳаларни амалга ошириш ва замонавий саҳна форматларидан самарали фойдаланиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда ёш истеъдодларни аниқлаш ва уларни мақом санъатига кенг жалб этиш, ижрочиларнинг касбий маҳоратини ошириш учун зарур шароитларни яратиш масалалари ҳам муҳим ўрин тутди. Айниқса, устоз-шогирд анъаналарини янада мустаҳкамлаш, ёш ижодкорларни тажрибали санъаткорлар билан яқин ҳамкорликка жалб қилиш ва мақом ижрочилиги мактабларининг узвий давомийлигини таъминлаш долзарб вазифалар сифатида белгиланди.
Бу жараёнда ёшларнинг мақом санъатига қизиқишини ошириш, уларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва профессионал ўсиши учун замонавий имкониятлар яратиш муҳим аҳамият касб этади.
Йиғилишда мақом санъатини халқаро миқёсда янада кенг тарғиб қилиш масаласига ҳам алоҳида урғу берилди. Ўзбекистонда шаклланган мақом мактабларининг ўзига хос ижро анъаналари, бой репертуари ва ижодий салоҳиятини жаҳон маданий майдонида намойиш этиш, халқаро ижодий ҳамкорликни кенгайтириш ва янги маданий лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, миллий мақом мактаблари ўртасида ижодий ҳамкорликни кучайтириш, тажриба алмашиш ва биргаликдаги лойиҳаларни кўпайтириш орқали соҳанинг ижодий салоҳиятини янада ошириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида Мақом санъати ижодий бирлашмасининг келгусидаги фаолиятини аниқ мақсад ва вазифалар асосида ташкил этиш, ижодий лойиҳалар кўламини кенгайтириш ҳамда соҳа вакиллари учун муносиб ижодий муҳит яратиш бўйича қатор таклифлар билдирилди.
Йиғилиш якунида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, мақом санъатини янада ривожлантириш, миллий ижрочилик мактабларини қўллаб-қувватлаш ва унинг мамлакат маданий ҳаётидаги ўрнини янада мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни изчил амалга ошириш юзасидан масъулларга тегишли топшириқ ва тавсиялар берилди.
Эътиборлиси, бугун мақом санъатини асраб-авайлаш нафақат ўтмиш меросини сақлаш, балки унинг келажакдаги тараққиёти учун мустаҳкам замин яратишни ҳам англатади. Бу борада ижодкорлар, устозлар ва ёш истеъдодларни бир мақсад атрофида бирлаштириш, миллий анъаналарни замонавий ёндашувлар билан уйғунлаштириш мақом санъатининг янги босқичдаги ривожи учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА