Мақом ўзбек миллий санъатини дунёга ёймоқда
Жорий йилнинг 23-26 июнь кунлари Наманган вилояти дунё миқёсидаги яна бир нуфузли тадбирга мезбонлик қилади. Давлатобод туманидаги “Янги Ўзбекистон” хиёбонида учинчи халқаро мақом санъати фестивали бўлиб ўтади.
Мамлакатимиз раҳбарининг тегишли қарорига асосан, мазкур халқаро мақом санъати анжуманига қизғин тайёргарлик кўриш, уни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек, мақом санъатини янада ривожлантириш ҳамда кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, гуллар шаҳрида Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбек миллий мақом санъати маркази ҳамкорлигида учинчи халқаро мақом санъати анжумани доирасида республика кўрик-танлови ташкил этилди.
Наманган вилоят мусиқали драма театрида ўтказилган мазкур танловда Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридан саралаб олинган истеъдодли мақоми ижрочилари иштирок этдилар.

Таъкидлаш жоизки, мазкур кўрик халқаро фестиваль олдидан ўзига хос тайёргарлик вазифасини ўташи билан бир қаторда мақом санъатининг бой анъаналарини асраб-авайлаш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда миллий мақом ижрочилиги мактабларини янада ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Иштирокчилар танловнинг “Энг яхши мақом ансамбли”, “Энг яхши якка хонанда”, “Энг яхши яккахон чолғу ижрочиси” йўналишлари бўйича ўз истеъдоди ва маҳоратини синаб кўрди.
Танлов жараёнида мақом ансамбли йўналишидаги созандалар сақиллар, Шаҳнози Гулёр, сегоҳ, мискин, қаландарлар ва Фарғона–Тошкент мақом йўлларидан; мақом ансамбли йўналишидаги хонандалар шашмақом таркибидаги савт, мўғулча, талқини сегоҳ ва Наврўзи сабо асарларидан; яккахон ижрочилар шашмақомдан савт, мўғулча, талқини сегоҳ ва Наврўзи сабо асарларидан; яккахон созандалар сақиллар, Шаҳнози Гулёр, сегоҳ, мискин, қаландарлар ва Фарғона-Тошкент мақом йўлларидан бирини туркум кўринишида ижро этишди.

Ҳар бир чиқиш нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан ижро маҳорати, парда софлиги, усул барқарорлиги, матн талаффузининг аниқлиги, миллий либослар уйғунлиги, саҳна маданияти ҳамда соз ва овоз барқарорлиги мезонлари асосида баҳоланди.
Танловнинг шаффофлиги ва холислигини таъминлаш мақсадида ҳакамлар ҳайъати таркибига Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, профессор, Юнус Ражабий номидаги Мақом ансамбли бадиий раҳбари Абдуҳошим Исмоилов, Ўзбекистон халқ ҳофизи, профессор, Ўзбек миллий мақом санъати маркази бўлим бошлиғи Исроилжон Ваҳобов, Ўзбекистон халқ ҳофизи, профессор Бекназар Дўстмуродов, Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти, профессор Матлуба Дадабоева ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, профессор Комила Бўриева киритилди.

Танлов якунларига кўра, “Энг яхши яккахон хонанда” йўналиши бўйича Наманган вилоятидан Орифжон Эргашев, хоразмлик Сирожиддин Омонов ва Байрам Якубов (жўравоз), Тошкент шаҳридан Нафиса Фармонова фахрли биринчи ўринга сазовор бўлдилар. "Энг яхши яккахон чолғу ижрочиси" йўналишида фарғоналик Нодир Мамасодиқов, пойтахтлик Маржона Тошева, андижонлик Нуриддин Самандаров энг юқори натижани қайд этишди. "Энг яхши мақом ансамбли” йўналиши бўйича Юнус Ражабий номидаги ўзбек миллий мусиқа санъати институти магистрлари ансамбли, Ўзбекистон давлат симфоник оркестри миллий созандалари ансамбли, “Мақом банд” созандалар ансамбли ғолибликка муносиб кўрилди.


– Бизнинг буюк миллатимиз ўзининг бой маънавий мероси, улуғ қадриятлари, ўзига хос миллий мусиқа санъати билан етти иқлимга довруқ қозонган. Бу эзгу анъаналарни келажак авлодлар ҳам муносиб давом эттиришини таъминлаш мақсадида учинчи маротаба жаҳон даражасида ўтказилажак халқаро мақом фестивали олдидан Наманганда ташкил этилган республика мақомчилар танлови 65-халқаро гуллар фестивали тадбирларига ҳамоҳанг тарзда кўтаринки руҳда ўтганидан хурсандмиз, – дейди Ўзбекистон халқ ҳофизи Исроилжон Ваҳобов. – Танлов жараёнида водий вилоятлари, воҳа ҳудудлари мақомчиликда ўзига хос ижрочилик мактабларига эга эканлигига амин бўлдик. Олтмишдан зиёд иштирокчилар орасида ғолибларни аниқлаш осон кечмади. Гўзал овози, бетакрор маҳорати, ноёб истеъдоди орқали ўзини кўз-кўз қилган ёшларимиз халқаро анжуманда ҳам Ўзбекистон шуҳратини янада юксалтиришларига ишончимиз комил. Шу маънода, бу танлов миллий мақом санъатининг бетакрор анъаналарини асраб-авайлаш, уни халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, ёш авлод қалбида миллий мусиқий меросга ҳурмат ва муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлаш ҳамда янги истеъдодларни кашф этишга хизмат қилади.

Кўрик-танлов ғолиблари учинчи халқаро мақом санъати анжуманида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилишади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири