“Маориф йўлида ишлайдурғон муаллимларнинг бошини силангиз!”
“Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун” деган бош ғоя асосида Мустақилликнинг 32 йиллиги кенг нишонланмоқда. Мустқиллик барча соҳалар қатори таълим тизимида ҳам туб ўзгаришлар бўлишига кенг йўл очган.
Ёш авлод мустақиллик туфайли ўзлигини англаб, миллий қадриятлар асосида таълим ва тарбия олмоқда. Айниқса, кейинги йилларда тизимда туб янгиланишлар амалга оширилди.
Жорий йилда “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади”, деган эзгу ғоя асосида замонавий талаблар асосида таълимни тубдан ислоҳ қилиш бўйича шунчалик кўп ўзгаришлар қилиндики, улар Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсад ҳаётийлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг халқимизга йўллаган Мурожаатномасида “Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю - ягона тўғри йўлидир”, дея таъкидлаган эди.
Ислоҳотлар жараёнида ҳам таълимни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилди. Ўқитувчиларнинг мақоми, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга бўлган эътибор кучайди.
Жорий йилда қабул қилинган янгиланган Конституцияда ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эгалиги, мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим давлат назоратида эканининг белгилаб қўйилди. Айниқса, 52 - моддада давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши ҳақида нормалар биз ўқитувчиларни беҳад қувонтирди.
Тан олайлик, аввалги Конституцияда асосан давлат органлари мақоми белгиланган, ўқитувчининг мақомини мустаҳкамлаш ҳақида эса гапиришнинг ўзи ортиқчадек эди. Шу боисми, мактаб ишларига асоссиз аралашувлар, ўқитувчиларни нафақат мажбурий меҳнатга жалб қилиш, ҳатто шаъни, қадр-қиммати камситиш ҳолатлари кўпайган эди.
Эндиликда эса таълим-тарбия, олий таълимни ривожлантириш билан боғлиқ кўплаб ташаббуслар илгари сурилди ва бу мақсадлар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида биринчи галда муҳим ва устувор вазифа сифатида белгиланди.
Жадид бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг: “Сизларға васият қиламан. Маориф йўлида ишлайдурғон муаллимларнинг бошини силангиз! Ўртадан нифоқни кўтарингиз! Туркистон болаларини илмсиз қўймангиз”, деган таъкиди бугун Янги Ўзбекистонда ҳақиқий маънода ўз тасдиғини топмоқда.
Куни кеча Президентимиз раислигида мактабларда таълим сифатини ошириш, ўқувчи ўрнини кўпайтириш ва ўқитувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши ҳам бу борадаги ишлар давлат сиёсатига айлаганини яна бир бор исботлади. Йиғилишда соҳадаги камчиликлар эътироф этилиб, мактабларни ҳам мазмун, ҳам шароит жиҳатидан яхшилаш бўйича янги ташаббуслар илгари сурилди.
Давлатимиз раҳбари барча ўқитувчилар, мактаб директорлари ва уларнинг ўринбосарларига мурожаат қилиб, қуйидагиларни таъкидлади: “Мен сизларнинг тимсолингизда ўз ҳаётини дунёдаги энг улуғ ва олижаноб ишга – янги авлод тарбиясига бағишлаган, ўз касбига содиқ ва фидойи инсонларни кўраман. Бугун сизлар таълим-тарбия бераётган, қалбини, онгини эзгулик билан тўлдираётган миллионлаб фарзандларимиз эртага Янги Ўзбекистон бунёдкорлари бўлиб бизнинг сафимизга киради. Ватанимиз, халқимиз сизларнинг бундай олижаноб хизматларингизни ҳеч қачон унутмайди. Ўқитувчилик касбини эъзозлаш, унинг меҳнатини қадрлаш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади”.
Албатта, ушбу Мурожаат янги ўқув йилини бошлаш арафасида турган биз ўқитувчиларга куч-ғайрат берди, масъулиятимизни янада оширди. Биз соҳа вакиллари бу йўлда бор имконият ва билимимиз, тажрибамизни сафарбар этамиз.
Наргиза Маҳмудова,
Яшнобод туманидаги 231 - мактаб
директори ўринбосари,
Халқ таълими аълочиси.
ЎзА