Мансабдорларнинг масъулияти қонунда акс этмоқда
Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги янги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Қонун маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади. Маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси 6 боб ва 111 моддадан иборат бўлиб, унда маъмурий орган, маъмурий ҳужжат, маъмурий ихтиёрийлик тушунчаларига аниқ таъриф берилди.
Қонунийлик тамойили қонунда маъмурий-ҳуқуқий фаолиятнинг асослилигини ва қонунларнинг тўғридан-тўғри амалга оширилишини таъминловчи муҳим элементлар билан мазмунан бойитилди.
Маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий институтлари, хусусан, тегишли тарзда хабардор қилиш, манфаатдор шахсларни тинглаш, маъмурий ҳужжат, маъмурий шикоят қилиш ва маъмурий ҳужжатни ижро қилиш кабилар такомиллаштирилди.
Маъмурий ишда иштирокчилар ва ишни ҳал этишга кўмаклашувчи шахсларни жалб қилиш, раҳбарларнинг рад қилиниши, далилларни баҳолаш, маъмурий ишдаги харажатларни юклаш, маъмурий ишни тўхтатиб туриш, тугатиш бўйича процессуал қоидалар аниқлаштирилди ва тўлдирилди.
Қонунда назарда тутилаётган янги нормалар маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда ҳуқуқий барқарорликни таъминлашга, фуқаролар ва тадбиркорларнинг давлат органлари томонидан қабул қилинадиган маъмурий ҳужжатларга ҳурмат ва ишончини кучайтиришга ҳамда мамлакатимизнинг инвестиция муҳитини яхшилашга хизмат қилади.
Жамоатчилик муҳокамаси натижасида келиб тушган таклифлар асосида лойиҳа янада такомиллаштирилади.
ЎзА