Мангу битик тошлар илҳоми
Ўзбек халқига ҳам, бошқа туркий халқлар қатори, ўзлигини англатиш йўлида ижодкорларимизнинг меҳнатлари таҳсинга лойиқ.
Ўзбек халқига ҳам, бошқа туркий халқлар қатори, ўзлигини англатиш йўлида ижодкорларимизнинг меҳнатлари таҳсинга лойиқ.“Шарқ юлдузи” журналининг 2019 йил 9 ва 10- сонларида таниқли ёзувчи Исажон Султоннинг “Билга хоқон” тарихий романи босилиб чиқди. Албатта, бу тарихий мавзуга ҳар қандай ижодкор ҳам журъат қилиб қўл уравермайди. Чунки ўша тарихий давр мураккаб. Романга муносабат билдиришим учун китоб бўлиб босилиб чиқишини кутиш ҳам мумкин эди. Мавзу ҳам, роман қаҳрамонлари ҳам менга қарийб 40 йилдан бери ҳамроҳ бўлиб келяпти. Энди қаҳрамонларимни яна бир бор эслагим келди. Қолаверса, Исажон Султоннинг “Билга хоқон” романи ҳақидаги айрим мулоҳазаларим китоб ҳолида босилиб чиқишидан олдин асқатиши мумкин, деб ўйладим.
Миср шоҳи Псамменит форс шоҳи Камбиз билан бўлган жангда мағлубиятга учраб асирга тушганда, асирлар қаторида турган қизига кўзи тушиб қолди. Қизни сув олиб келиш учун жўнатдилар, қиз чўри либосида отасининг ёнгинасидан ўтиб кетди. Шоҳ Псамменитнинг ёнида турган аъёнлари қизнинг бу аҳволини кўриб, йиғлаб, оҳ-воҳ қилиб нола чекдилар. Шоҳ эса пинагини ҳам бузмай, кўзларини ерга тикканича, миқ этмай тураверди. Бир оздан кейин Камбизнинг жаллодлари Псамменитнинг ўғлини қатл қилиш учун олиб кетдилар. Псамменит буни ҳам кўрди, аммо ўзини дадил тутиб тураверди.Энди Псамменитнинг ёнидан бир тўда асирларни ҳайдаб олиб ўтиб кетдилар, Псамменитнинг кўзи асирлар орасида кетаётган яқин дўстига тушиб қолди. Бу аҳволни кўрган шоҳ бошларига муштлаб, қаттиқ фарёд қилди. Камбиз Псамменитдан:”Нега ўғлинг ва қизингнинг оғир қисматини юрагингга оғир олмадингу, дўстингнинг бошига тушган кулфатни ўзингга жуда оғир олдинг?” деб сўради. Псамменит шундай жавоб берди: “Дўстимнинг бошига тушган кўргиликдан чеккан қайғуларимни кўз ёшларимни тўкиш билан изҳор қила олдим. Сен берган олдинги икки зарбадан эса қайғуларимни ифодалашга сўз топа олмадим”.
.“Билга хоқон” романи – туркий халқларнинг ўн уч асрдан нариги даврдаги қайғулари ифодаси.Романнинг дебочасида Билга хоқон фақат иниси Кул тигиннинг ҳалок бўлганидан қайғурибоҳунола чекди, Билга хоқон Кул тигин тимсолида бутун турк хоқонлиги алплари ҳалокати учун кўз ёш тўқиб, ўз қайғусини изҳор қилди. Ёзувчи имкон қадар қадимги турк давридаги манзарани, қаҳрамонларнинг туркона табиатини, ҳеч нарсадан тап тортмас ботирлигини сақлашга ҳаракат қилган. Роман бошланишидаги Ишбара ямтар ва Булут образлари турк бўдунига хос бўлган айни ана шу қирраларни ўзида ифода этгани билан диққатга сазовор.Зотан, самимийлик ва ҳаққонийлик қандай бўлишидан қатъий назар, ҳамма замонларда ҳам ўринли ва мавридида қилинган.
Исажон Султон қуйидаги воқеани ҳикоя қилар экан, Ишбара ва Булут образлари орқали ватанни қутқариб қолиш йўлида турк хоқонлигининг ватанпарварлари ор-номус учун ҳатто ўлимга ҳам тик боришга ўзларида зарурат сезган деган гапни айтмоқчи бўлади: “– Шуми йигитлик? – деди Ишбара. – Ҳой сиз! Элтариш хоқоннинг ўғли Билга хоқон сўзи қулоғингизга келмадими?
– Келди оз-моз!
– Унда хотин-болангизни қўйиб, Билга хоқон сўзига кирсангиз бўлмайдими? Борайлик, не деса уни қилайлик. Қишда тиришиб ўлиб ётмайлик.
– Қайғудамиз, – деди қорачадан келган, қоши устида тиғ изи бор Тўфон деган йигит. – Тегра улусларга сўз йўллайлик. Билганинг қошига элчи юборайлик. Тинглайлик-чи, не дер экан?
Боёғи путурдан кетган улус эрлари ўт атрофида тизилишиб, бири олиб, бири қўйиб “Ҳа, шундай бўлсин. Ўлсак ўлайлик, бироқ ер билан бир бўлмайлик”, дейишарди”.
Роман қаҳрамонлари Ишбара билан Булут то Ўтуканга боргунларига қадар кечган воқеаларда Билга хоқон образи кўринмайди, фақат Билга хоқоннинг ўгитлари, элга қилган эзгу ишлари, ана шу эзгу ўгитларини қалбларига жо қилган ватанпарвар Ишбара ямтар, Булут образлари ҳукм суради.Воқеаларнинг бу тарзда қурилишига ҳаётий маиший деталлар халақит беришининг олдини олиш эди. Билга хоқон катта мақсадни – отаси Элтариш хоқон барпо қилган Иккинчи турк хоқонлигини мустаҳкамлашни, бир-бирига душманлашган туркий қабилаларнинг бошини қовуштиришни кўзлаган эди. Маиший деталлар роман воқеаларига халақит бериши мумкин эди. Исажон Султон майда-чуйда маиший деталларга Билга хоқонни ўралаштириб қўймайди.Романнинг қайси ўрнида давлат ва қабилаларни якдил қилиш манфаатлари турган бўлса, Билга хоқон образи етакчилик қилади.
Романдаги табғач халқи тарихда куч-қудрати билан эмас, балки маккорлиги, туркий қабилаларни бир-бирига душман қилиб парчалаб ташлагани билан ном қолдирган. Биринчи Турк хоқонлиги таназзул арафасида турган пайтда парчаланиб кетган турк қабилаларидан Билга хоқон сингари донишманд, мустақил фикрига эга бўлган хоқон чиқмагани учун, муғомбир табғачларнинг тузоғига илинди. Исажон романда турк бўдунининг бундай аянчли аҳволини, фақат қорин ташвиши билан яшайдиган бўлиб қолганини кўрсатадиган таъсирли лавҳаларни топади. Қуйидаги парча турк бўдунининг айни ўша ҳолатини тасвирлайди: “Кишилар йўқсилликда тубанлашиб кетган эдилар! Биров бировни кўзга илмас, ошлиқ ўйи, кун кечириш қайғуси шу кўйга солиб қўйган, бўлар-бўлмас қуш эти ё мева учун уришиб-сўқишадиган турумга келган, қон тўкишдан-да тап тортмас, ёвқурлиги, тикбошлиги тугаб битган эди. Йигит-яланг ошлиқ излаб олис элларга кетиб қолишар, табғач ё қитанга ёлланиб, эр отига тўғри келмайдиган юмушларни қилиб юришарди. Йилқи, ё мол боқиб, қоровуллик қилиб, черикка ёлланиб топганларини ойда-йилда бир эна-отасига юбориб, ўзлари ўша юртларда эсанкираб, ердайин бўлиб яшашарди.” Қорин ташвиши нафақат бир гуруҳ одамларни, балки бутун бошли халқларни ана шундай таназзулга олиб келиши мумкин экан. Ишонувчан, содда турк қабилалари табғачнинг нафис ипагига, ширин сўзларига маҳлиё бўлиб, алданиб бир-бири билан душманлашганини ёзувчи Билга хоқон бошчилигида ўн ўқ қабиласи устига юриш қилгани ҳақидаги воқеалар орқали кўрсатади. Билга хоқоннинг ўз исмига муносиб равишда доно, мард хоқон эканини Исажон кўрсатишни мақсад қилган ва Тўнюқуқнинг “Тўққиз ўғуз ўз қардошимиз, қонимиз бир. Туйқусдан боссак-чопсак, эр кишини иши бўлмас” деган маслаҳатига рози бўлади.Шунинг учун у қариндошлари тўққуз ўғуз, ўн ўқ, қирғиз қабиласи устига қўққисдан ҳужум қилишни ўзига эп кўрмайди.Ҳа, бу адолатли иш бўлмас эди. Билга хоқоннинг қарори билан Тўнюқуқ ва Эл Бўғу тўқуз уғуз қабиласи бошлиқлари маконига, сизларга ҳужум қилиш учун келдик, деб огоҳлантириш учун борадилар. Бундай мардонаворлик фақат турк бўдунига ярашади ва уларнинг азал-азалдан қонида бор бўлган мардлик ва адолатпарварликни ёзувчи жуда ўринли топиб тасвирлайди. Адолатпарварликнинг мезони омма қабул қилган қоидаларга риоя қилиш бўлиб, инсондаги ғазаб ва нафратни рад қилади.Қолаверса, адолат эҳтирослардан ҳам холидир. Эҳтирослар ақл-идрокнинг амрига итоат этмасдан, ўз бурчини унутиб қўядиганларга хос хусусиятдир.
Роман тарихийлик тамойили асосига қурилгани учун, ёзувчи ортиқча дабдабабозликка, романтик кайфиятларга берилмайди. Билга хоқон. Тўнюқуқ ва Култигин образларини ёзувчи идеаллаштирмаган ҳолда, уларнинг реал қиёфасини чизади.
Билга хоқон, Ишбара ямтар қадимги турк даврига бағишланган бадиий асарларда янги образ деб баҳоланишга лойиқ қаҳрамонлардир. Айниқса, “Табғачнинг ўтмиши” ҳақида ҳикоя қилганда, Исажон Султонасли турк қавмидан бўлган табғач халқи чинликларнинг ҳадяларига учиб уларнинг қизларига уйланганини ва ўз халқига хиёнат қилганини, қўлига дўмбирасини олиб, “Алпомиш”ни куйлаётган бахшини шунчалик жонлантирганки, китобхон кўз ўнгида ўзбеклар, олтой ва қозоқлар, қорақалпоқларнинг бахшилари-ю оқинлари, чанқовуз чалаётган аёллари гавдаланади.
Романда табғач халқи билан турк халқи тамомила бир-бирининг зидди сифатида тасвирланади,айниқса табғач ва турк аёллари тасвиридаги зиддият романдаги Мейли чур образида ёрқин очиб берилади. Ўша саҳифаларни ўқиган китобхон турк қавми орасида қорин ташвишида юрган нарсапараст ватанфурушлар ҳамон борлиги ҳақиқат эканини рўйи рост кўрсатади. Дарвоқе, ўзига ўзи ишонмаган одам ўз халқига, ҳукмдорига садоқатини кўрсата олмайди, албатта хиёнат қилиш учун пайт пойлаб туради.Мейли Чур образида айни шундай тоифадаги одамларни кўрамиз. Бундай кимсалар ёлғоннинг қуроли бўлиб хизмат қилиб келганлар ва бугун ҳам ўша вазифаларини бажаряптилар, уларнинг қони азалдан айниган.Мейли чурнинг табиатидаги қўрқоқлик, ватанга хиёнат қилишга ҳар доим тайёрлиги қони айниганлигидан. Миллатнинг қони айниса ўзлигини унутади, хиёнаткорликка мойиллиги кучаяди. Ўзликни доимо ёдида тутган халқ эса ҳатто очдан ўлар аҳволга тушса ҳам ватанига хиёнат қилмайди. Ватанфурушлар деймизми, миллатфурушлар деймизми- хуллас ҳар қандай “фурушлар” – кейинги замонларда ҳам маълум тоифа инсонларда пинҳон бўлган ёвузликнинг инъикосидир,
Мейли Чур ва Ишбара, Булут бир-бирига зид образлар сифатида романда доим китобхонни ҳушёрликка чорлаб туради.Эл Бўғу тилидан айтилган “Қорин-қурсоқ, ошлиқ қайғуси эр кишини тубан қилиб қўяр экан-да” деган гапи романнинг асосий мақсадига ишора қилади. Туркий қавмларнинг пароканда бўлиб кетишларига, қовушиб. бирлаша олмаётганларига қорин ташвиши сабаб эканини кўрсатади. “Бизнинг уруғлар ер юзини ярмини тўлдирган, деди. Тўғри, Тўққиз ўғуз, қирғиз, қитан ўз уруғимиз. Нарёқда Тинси ўғли ётадиган тоққача, бу ёқда Темир Қопқагача бизнинг қондошлар эса, нега бунча йўқсилликда юрибмиз?” деб ўйлади.
Унинг ўйи шунгача етди”
Исажон хоқонликнинг таназзулига ақл ноқислиги – эл пешволарининг узоқни кўра билмасликлари, “Бундан кейин нима қилишимиз керак?” деган саволни ўз олдиларига қўя олмаганлари сабаб эканига ишора қилади.
Эл Бўғунинг ёш бола (жўжуқ)ларга айтган ривоятлари романга алоҳида мазмун бағишлаган.Зотан, ўзининг келиб чиқишини, шажарасини билмаган халқ бошқаларга муте бўлишга мойил эканини мазкур ривоятлар кўрсатиб туради. Турк халқининг мағрурлиги, ўзининг кимлигини билишга бўлган иштиёқини Эл Бўғунинг ривояти ифодалаб туради.
Романнинг илҳом билан баён қилинган “қиз қувди”. “кўпкари” лавҳалари, бахши дўмбира билан куйлаган қўшиқ лавҳалари қадим удумларимиз ва анъаналаримизни жонлантиришга хизмат қилган.Қадим анъаналаримизга ёзувчининг муҳаббат билан ёндашганидан бу лавҳалар далолат беради.
Табғач халқи билан боғлиқ воқеаларни Исажон тасвирлар экан, бу қавмнинг феъл-атворини, айёрлигини уларнинг ўз тилидан ҳикоя қилиш орқали очиб беради. Жумладан, жангжу ябғуларидан бири ўз хоқонига “туркларга қарши уруш бошлаймизми?”деган саволига хоқон “Нега уруш қиламиз? – Ўз этларини ўзлари еяверишсин... Туркийларнинг қонини қиздирмайлик. Чучук сўз ила аврасак тузук... ,”, деб ўн ўқ, қирғиз, тўқуз ўғуз қабилалари ўртасидаги биродаркушлик урушларини авж олдиришга ишора қилади.Душманнинг хатти-ҳаракати очиқчасига рақиб томонга маълум бўлса курашиш ва улар келтирадиган кулфатларнинг олдини олиш осон кечади. Аммо табғачлар сингари писмиқлик билан ҳаракат қиладиган бўлса, бунинг оқибати жуда ёмон бўлиши муқаррарлиги табғач хоқонининг юқоридаги гапларидан маълум бўлиб турибди.
Эллик йил табғачнинг зулмини чеккан турк бўдуни учун эрк тушунчаси ниҳоятда муқаддас эканини Исажон романнинг сўнгги саҳифаларида – турк қўшини табғачларни кунпаякун қилиб мағлуб қилиш арафасида яраланиб жон бераётган Булутнинг Ишбара ямтар билан қилган қуйидаги савол-жавобида англатади:“– Ишбара! – деди Булут аранг шивирлаб. – Биз енгдикми?
– Енгдик, Булут! Табғачни энасини кўрсатдик!
– Улус эндиэрклими?
– Энди тугалэркли, Булут!”
Билга хоқоннинг, умуман турк бўдунининг ҳатто душманига нисбатан ҳам бағри кенг, шафқатли, айни пайтда қатъиятли инсон зоти эканини ёзувчи табғачлар пароканда бўлгандан кейин, асирларни ўлдирмай, тириклайин озод қилиб қўйиб юборганларида, табғач лашкарбошиси Ишанг Ликан эса Билга хоқоннинг тамомила акси – асирга тушган ўз одамларидан ҳам воз кечган олчоқ эканини англатади. Исажон Султон бу икки тоифа лашкарбоши ва қавмнинг тақдирига қуйидагича якун ясайди: “Бироздан сўнг тутқунларни Ишанг Ликайга топширишга буйруқ бўлди. Қўллари бўйнига терс бойланган тутқунлар қор кеча-кеча, истар-истамай ўз элдошларига қараб юришди. Шунда бир иш бўлди: табғачлар уларни уриб-суриб, қўйдай ҳайдаб олиб кета бошлашди. Анчасини эса ўша турумида қолдиришди.
Хоқон ўз қўшинини, ўз будунини нечук ташлаб кетсин? Билга хоқон тутқунларни йиғишга буйруқ берди. Улар қаршисига чиқиб, шундай деди:
– Хоқонингиз сизни, истасанг ўлдириб юборавер, истасанг қул қилиб олиб кет, деди. Мен Билга хоқон, сўзимни тугал айтаман: орада қон тўкилмаса, қон тўкмагайман. Тангрим дедики, хоқон тўғри бўлса, элига эга чиқсин. Чиқмаса, бузуқ хоқон экан. Сизнинг қонингизни оқизмайман, қорамол, эчки, қўй қолдираман, шу ерларда яшайберинг.” Қадимги ҳамма халқларда бўлгани сингари табғачлар ҳам ўз халқига нисбатан бўлган иллатларини қонуний деб қадрлаганлар; турк бўдунининг яхши ва кечиримли хатти- ҳаракатларини тамомила ноқонуний деб ҳисоблаганлар. Икки халқнинг мана шу бир-бирига тамомила зид бўлган қонунлари уларнинг маънавий қиёфасини акс эттириб туради.
Ҳар қандай давлатни тутиб турадиган таянчи яса, яъни қонунларидир. Ҳамма замонларда бўлгани сингари, Билга хоқон юксалтирган Турк давлатини мустаҳкам барпо қилган нарсаси Билга хоқон яратиб берган ясадир. Исажон романда келтирган яса қадим туркларнинг мардонаворлиги, эрлиги,ҳалоллиги, тўғрилиги, ватанпарварлиги ва бошқа қатор фазилатларини қамраб олган. Зотан, ҳар қандай қонун халқнинг маънавий қиёфасига асосланганини роман ниҳоясида келтирилган матн исботлаб туради.
Назаримизда, романда бироз қайта ишланиши, тўлдирилиши лозим бўлган ўринлар ҳам йўқ эмас. Жумладан, Элтариш хоқонга, Кул тигинга оид воқеалар бир оз кенгайтирилса, Билга хоқон ҳукмронлиги даври ҳақида китобхоннинг тасаввури тўлишган бўларди.Айни пайтда Билга хоқоннинг тарихдаги адолатли, миллатпарвар хоқон сифатидаги образи Элтариш хоқон ва Кул тигин образларисиз мукаммал бўла олмайди. Кул тигин билан боғлиқ лавҳалар Билга хоқоннинг романдаги образидан узилиб қолгандай таассурот қолдиради. Романда Кул тигинга оид воқеалар тасвири кўпкари саҳнасида қисқача лавҳада бор, холос. Аммо турк хоқонлиги тарихида Билга хоқон сингари из қолдирган лашкарбошининг образи тўлақонли очиб берилиши керак. Қолаверса, қадимги Хан сулоласи йилномаларида Паркана ҳақида берилган тарихий воқеалар, хусусан, Паркананинг учар отлари ҳақидаги маълумотлар Турк хоқонлигига бегона бўлиши мумкин эмас. Исажон романда Фарғонанинг учар отлари ҳақида қисқача айтиб ўтган. Зотан, қадим турклар ўзларининг тарихи ҳақида Хан ва Тан сулолалари йилномаларида ёзилганидан яхши хабардор бўлганлар.
Романда турк бўдуни билан табғач бўдуни ҳақидаги айрим маълумотлар чалкашиб кетган. Билга хоқон турк бўдунига уларнинг бошидан ўтган воқеаларни эслатар экан, ёзувчи қуйидаги воқеани келтиради: Табғач будуннинг қаттиқ ўғиллари қул бўлди.” Аслида қул бўлган табғач бўдун ўғиллари эмас, балки табғач бўдуни турк бўдунининг ўғилларини қул қилган,яъни далиллар тескарисига алмашиб қолган, бунинг натижасида жабр кўрган турк бўдуни эмас, табғач бўдунидир деган мазмун англашилиб қолган. Бу мазмун Кул тигин битик тошидаги Билга хоқон тилидан ҳикоя қилинган реал тарихий воқеага зиддир.
Халқнинг аҳвол — руҳияси, туруми ҳақида Билга хоқоннинг қайғу ичида дард билан сўзлаган нутқи битик тошларда ҳам бадиий парчаларни эслатади. Биз бундан ўттиз беш йил илгари ўрхун-енисей ёзуви ёдгорликлари бўйича докторлик диссертацияси ёзган пайтларимизда Билга хоқоннинг бу нутқини монологик нутқ Билга хоқоннинг бу нутқи нотиқлик санъатининг ажойиб намунасидир, деб қараб таҳлил қилган эдик..Ёзувчи ўша парчаларни романнинг туб мағзига сингдириб юборганда, романнинг бадиияти янада жонлироқ чиққан бўларди. Шунингдек, қадим турк қабилаларининг шажараси ҳақида тарих асарларида кўплаб ривоятлар, афсоналар бор. Ана шу ривоят ва афсоналар романнинг бадиий мукаммал бўлишига катта хизмат қилиши мумкин.
Келгусида Исажон Султон бу тарихий мавзуни давом эттиради. Бўмин хоқон, Истами хоқон тўғрисида ҳам ўз асарларини халқимизга инъом қилади, деб кутиб қоламиз. Зотан шижоатли, мард хоқонлар, лашкарбошилар фақат тарих асарларида ва дарсликларда, диссертацияларда қолиб кетмаслиги, кенг ўқувчилар оммасига етиб бориши лозим.
Насимхон Раҳмонов,
филология фанлари доктори,
Ўзбекистон Миллий университети профессори