Манфаатли ҳамкорлик
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев бошчилигидаги мутасадди раҳбарлар ва юртимиз тадбиркорларидан иборат делегация амалий ташриф билан Афғонистонда бўлди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон – Афғонистон ўртасидаги алоқа мустаҳкамланиб бораётгани, шунингдек, иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, инвестиция лойиҳалари устида ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди. Қорақалпоғистон маҳсулотларини Афғонистонда сотишни йўлга қўйиш ва бу минтақамиз учун янги бозор эканлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан сўнг икки томон ишбилармон доиралари ўртасида бизнес-форум ўтказилиб, унда қатор муҳим йўналишлар бўйича амалий ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш, яқин шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон ва Афғонистон минтақалари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш кераклиги алоҳида таъкидланди.


Учрашувларда турли йўналишларни қамраб олган умумий қиймати 340 миллион доллардан ортиқ 31 та келишувга, шу жумладан, 27 та экспорт, 4 та инвестиция битимига эришилди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, учрашувларда яқин шериклик муносабатларининг мустаҳкамланиши ҳар икки томон учун ҳам муҳим, шу билан бирга, манфаатли бўлиши алоҳида таъкидланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.