Маънавиятнинг залворли устуни
Орамизда шундай инсонлар борки қалби, меҳри, фикру-хаёли ватанига, киндик қони тўкилган она заминига пайваста бўлади. Бундай инсонлар доимо халқининг тинчлигию равнақини ўйлаб, унга қандай қилиб бўлса ҳам хизмат қиладиган яхшиликни кўзлаб туну-кун ёнадилар.
Ана шундай гўзал фазилатли инсонлар қаторида биз Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Сурхондарё вилояти Денов тумани Маънавият тарғибот бўлими раҳбари Тоштемир Турдиевнинг алоҳида ўрни борлигини айтмасдан ўтолмаймиз.
Оташқалб, халқпарвар ёзувчи Тоштемир Турдиев нафақат Сурхон ўлкасининг Денов туманида, балки бутун ўзбек халқи орасида ўзининг жонкуярлиги, ватанпарварлиги ва миллатига бўлган чексиз ҳурмати билан азиз бўлган буюк шахсдир. Тоштемир Турдиев томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар ва у кишининг қаламига мансуб китоблар билан яқиндан танишган китобхон адибни нафақат етук ёзувчи, балки буюк тарих билимдони сифатида кашф этади.
Ташаббускор, изланишдан чарчамайдиган устоз фаолияти давомида Сурхондарёда туғилиб, ижод этган шоира Раъно Узоқованинг қўлёзма шаклидаги шеърларини жамлаб, “Субҳидам қалдирғочи”, “Талпин юрак” номли шеърий тўпламларини чоп эттирди. Кўп ўтмай шоиранинг “Сайланма”си ҳам устоз Тоштемир Турдиевнинг меҳнатлари натижаси ўлароқ дунё юзини кўрди. Бир сўз билан айтганда, Раъно Узоқованинг адабиёт оламидаги ўрни Тоштемир Турдиев заҳматлари билан янада мустаҳкамланди.
Раъно Узоқованинг «Қаҳрамон» номли шеъридан шу ўринда парча келтириб ўтишни жоиз билдик.
Қайси дилда бўлса шердек жасорат,
У кўрсатар курашларда маҳорат.
У мақталар тилларда ва элларда,
У сақланар ҳамиша кўнгилларда.
Ўз вақтида, 2000 йил айни юрт айёмлари жараёнида ҳам юртимизда “Алпомиш” достонининг 1000 йиллиги кенг миқёсда нишонланди. Ушбу байрамга муносиб туҳфа сифатида ёзувчи “Алпомиш” достонининг Сурхондарё вариантини Хўшбоқ бахшидан ёзиб олиб, 10 минг нусхада чоп эттирди. Йиллар силсиласидан ўтиб, халқимиз қон-қонига куй бўлиб сингган бу ҳақиқат. Миллатимизнинг хазина достони бўлмиш ушбу хазинанинг илк бор Сурхондарё варианти китоб ҳолатида чоп этилишида ҳам Тоштемир Турдиевнинг жонкуярлиги, нақадар закийлик баробарида аждодларимиз меросини келажак авлодга етказувчи, “йўлчи юлдузи” бўлаётганидан сўзласак муболағаси бўлмайди.
Бундай илмпарвар, фидойи инсонларнинг орамизда мавжудлиги эса биз шогирдлар қалбини ғурур ва ифтихорга тўлдиради. 2010 йилда устоз Тоштемир Турдиевнинг ташаббуси билан “Денов тафаккур чароғлари” номли китоб “Университет” нашриёти томонидан чоп этилган навбатдаги альманах тўплами бўлган. Шу аснода 2015 йил “Чағониён тараннуми” номли баёз “Мусиқа” нашриёти томонидан чоп этилиб, ўз китобхонлари қўлига етиб борди. Мазкур китоб Сурхондарё ёшларига, хусусан Денов, Сариосиё, Узун туманлари ижодкорлари ижодидан йиғиб нашрга тайёрлаб берилгани мақтовга лойиқ эди. Ушбу каби баёзлар қатида ўз иштирокини, завқини туйиш аксарият ижодкорларнинг руҳиятига қувонч бериш баробарида, имконият ва кўмак ҳамда руҳият бахш этишининг навбатдаги гўзал кўриниши эди, маҳсули эди.
Миллат равнақи, бугуни эртаси онгу-шуурини бир зум тарк этмаган адиб 2010 йилда “Сурхондарё халқ қўшиқлари” номли китобини кенг оммага тақдим этди. Мазкур китоб халқимизнинг этник маданияти, урф-одатлари, куй-қўшиқларини ўзида мужассам этган.
Изланишдан тўхтамаган, янгилик яратишдан толмаган ёзувчи 2012 йилда “Денов қасидаси” номли китобини чоп эттирди. Тоштемир Турдиев ушбу китоб орқали Сурхон ўлкасининг сўлим масканларидан бўлмиш Денов туманининг тарихига, маданиятига урғу бериб миллат шажарасига кўзгу тутди.
Асарда Деновнинг муқаддас қадамжоларидан бўлмиш Саид Оталиқ мадрасасининг улуғланиши, Нақшбандия тариқатининг толмас тарғиботчиси Ҳожа Алоуддин Аттор ҳазратларининг Бухорои шарифдан келиб умрининг сўнгги йилларини Деновда ўтказганликлари ҳақида ибратли далиллар келтирилиши улуғ адибнинг зийрак тарихшунос эканидан далолат беради.
Ҳожа Алоуддин Аттор ҳазратларига устознинг сай-ҳаракатлари билан мақбара бунёд этилгани ҳам бу инсоннинг қанчалик мозийга ҳурмати баланд экани нишонасидир. Асарда келтирилганидек машҳур “ШОҲНОМА” асарини бошлаб берган ва унга тамал тошини қўйган буюк Дақиқий ҳам айнан шу ўлкада яшаб ижод қилгани беихтиёр ҳар бир деновлик инсон қалбига фахр туйғусини берса не ажаб.
Қарийб 3,5 минг йиллик тарихга эга Денов не-не фозил инсонларга бешик бўлган ва қанчадан-қанча тарихшунос олимларнинг қизиқишига сабаб бўлган улуғ маскандир.
Устоз Тоштемир Турдиев китобларини ўқир экансиз, бу инсонни чин маънода ўз юртига ҳайкал қўйган юрт фидойиси эканига амин бўласиз. Шундай фидойиликнинг кўриниши сифатида адиб 2020 йил яна бир буюк китоб “Қуёш ардоғидаги юрт” китобини оммага тақдим этди.
Инсон борки ўзи туғилиб ўсган, киндик қони тўкилган ватанининг тарихини билгиси, унга муносиб фарзанд бўлгиси келади. Айнан мазкур китоб юрт ишқи, Ватан муҳаббатига йўғрилган туйғулар ифодасидир.
Кишининг кўнгли қанчалик тоза бўлса, атроф-олам ҳам унга шунчалик гўзал қиёфада намоён бўлади. Тоштемир Турдиев одамлар қалбидаги эзгуликни кўра билгувчи, қалбларга зиё улашгувчи сеҳрли қалам соҳибидир.
Бир инсон ватанини қай даражада севади, унга бўлган меҳрини қандай ифодалайди? Бу каби саволларга биз “Қуёш ардоғидаги юрт” китоби орқали жавоб топамиз. Дархақиқат, “Антик дунё” халқаро илмий академияси профессори Қурбонпўлат Назаровнинг ушбу китобида адиб тўғрисида Тоштемир аканинг қуйидаги “Менга худо қанот берганидаям фақат Деновим устида учиб юрсам керак” деган фикрларини ватанпарварлигига асл далилдир, дея келтирганлар. Айнан шу китобда яна Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг айни устозни “Тош” ва “Темир”га қиёслаб, “Тош” ҳам “Темир” ҳам мангу ҳақиқатга дахлдор унсурлардан. Улар аввали бор бўлиб охири бўлмаган, охири бор бўлиб аввали бўлмаган тимсоли. Мен Денов ҳамда Денов аҳли қувонганда бирга қувониб, йиғлаганда уларга қўшилиб бирга йиғлайдиган жон-жигар, биродарим Тоштемир Турдиевга “Тош” билан “Темир”нинг мустаҳкам табиати ва уларнинг умрини тилайман” дея билдирган илиқ фикрлари устознинг тимсолига берилган муносиб эътироф.
Йиллар ўтар, асрлар ўтар қанчадан-қанча дунёни лол қолдирган бинолар, асору-атиқалар секин-аста ўз жилосини йўқотиши мумкин. Аммо, инсондан инсонга қоладиган ягона мерос — “Сўз”гина ўз қадр-қийматини сира йўқотмайди.
Агарки сўз буюк қудратга эга бўлмаганида эди жавонларимизни тўлдириб, бизни ўйлашга, фикрлашга, кези келганда йиғлашга, кулишга мажбур қилувчи китоблар яралмаган бўлар эди. Ана шундай сеҳрли сўз ишқи қаҳрамонимиз, ўткир қалам соҳиби Тоштемир Турдиев ҳаётининг мазмуни десак айни ҳақиқатни сўзлаган бўламиз. Устознинг ҳаёт ва умр йўлларига ҳавас қилиб, шу ўринда беихтиёр илҳом тутиб: —
Чинорларга кўрк берар ҳануз,
Асрларга дахлдор сийрат,
Юрагининг уришида “сўз”
Халқим дея яшайди фақат... — дегинг келади.
ВАТАН
Тизгинини бермайди умр,
Мен ундан ҳеч изн сўрамам.
Юрагимдан отилар ғурур,
Олға юргум, ортга қарамам.
Эл дардида бир куним ўтса,
Билгум, бахтнинг тожи бошимда,
Яқинларим соғиниб кутса,
Ғам сояси келмас қошимга.
Ватан — қалбдан чекинар алам,
Зарбоф тўнга бурканар қалбим.
Оҳ, нечоғли сеҳрли калом,
Ундан айро этмагил тангрим.
Ҳу — адирлар этакларида,
Уюр — уюр озод йилқилар.
Дарахтларнинг куртакларига,
Капалаклар сарҳуш йиқилар.
Чанқовузин чалиб “бию — бий”,
Момоларим хиром айласа.
Биродарим армонингни қўй,
Бари бўлар тинчлик сийласа.
Боболарим йўнган бешикда,
Фарзандимга алла айтаман.
Дўстга доим очиқ эшикдан,
Қувончларни кутиб оламан.
Ойнинг ўроғига ёнбошлаб,
Офтоб бирла қўшиқ куйлайин.
Тоғларидан лола йўргаклаб,
Булутлар бағрига белайин.
Меҳрингдан сув ичган қошларим,
Ўзлигимдан сўйлаб тургуси.
Жамалакка инган сочларим,
Миллатимнинг сўнмас туйғуси.
Ҳа мен ўзбек қизи кўксимда,
Дукиллайди беклик зийнати.
Буғдойдан ранг олган юзимда,
Ловуллайди юртим сийрати.
Замира РАЖАБОВА,
Халқаро ТУРОН ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира
ЎзА