Маънавият – мустақилликнинг мустаҳкам устуни
Мамлакатимизнинг мустақил тараққиёт йилларида, айниқса, кейинги йилларда юртимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида асрларга татигулик ишлар амалга оширилди. Олиб борилаётган улуғвор ишларнинг самарасида юртимиз обод бўлмоқда, халқимизнинг турмуш тарзи тубдан яхшиланмоқда. Энг муҳими, қўлга киритаётган ютуқларимимз жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Бу, албатта, ҳар бир юртдошимиз қалбида чексиз фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади. Юрт кўрки-камолидан ғурурланиб яшаётган фуқароларимизда эзгулик, она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига ҳурмат, юрт равнақига фидойилик туйғулари мустаҳкамланмоқда.
Бу борадаги ишларни Андижон вилояти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Хусусан, сўнгги етти йил давомида вилоят иқтисодиёти 1,5 баробарга ўсди. Ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилга нисбатан 3,5 баробарга ортди.
Биргина ўтган йилнинг ўзида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 68 триллион 223,4 миллиард сўмни ташкил этиб, 2022 йилга нисбатан 5,1 фоизга ўсди. Бундан ташқари, инвестиция лойиҳалари доирасида умумий қиймати қарийб 690 миллион долларга тенг 433 та лойиҳа амалга оширилди. Бунда тўқимачилик, саноат, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳалари салмоқли ўрин эгаллади. Мазкур лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига минглаб янги иш ўринлари яратилди.
Таъкидлаш жоизки, нафақат иқтисодиёт, балки маънавий ҳаётимизда ҳам улкан ўзгаришлар юз бермоқда. Хусусан, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини, юртдошларимиз маънавияти, дунёқарашини ошириш, ўзлигини англаш, жамиятдаги жараёнларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш борасидаги ишлар ҳам янада юқори босқичга кўтарилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги "Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида кейинги икки йил ичида вилоятининг барча туман ва шаҳарларида “Маънавият ва маърифат” масканлари ташкил этилди. Ушбу масканлар ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар қалби ва онгида маънавий фазилатларни юксалтириш, оила ва маҳаллаларда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ишлари самарадорлигини оширишга ёрдам бермоқда.
Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан вилоят ҳокимлиги, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда маҳаллалар, таълим муассасалари, меҳнат жамоаларида ўтказилаётган жуда кўп тадбирлар маънавий-маърифий йўналишдаги ишлар самараси ва кўламини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
– Жойларда ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар, фестиваль, танлов, учрашув ва мулоқотлар аҳолининг маънавиятини юксалтириш, тарихан таркиб топган миллий ва маънавий қадриятларимизни кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Абдулҳамид Нурматов. – Қолаверса, аҳолининг кайфияти, руҳияти кўтарилмоқда, эртанги кунга бўлган ишончи мустаҳкамланмоқда.
Жумладан, жойларда “Миллий либосларимиз – миллий қадриятларимиз кўзгуси” шиори остида ўтказилган миллий либослар кўргазмалари аҳоли, айниқса, ёшларнинг миллий либосларимизга қизиқиш ва ҳурматини ошириш, уларни асраб-авайлаш, миллий либосларимиз билан фахрланиш туйғуларини мустаҳкамламоқда.
“Энг ёш маънавиятчи” танлови эса ёшларнинг маънавий-маърифий ишлардаги фаоллигини ошириш, уларнинг жамиятдаги жараёнларга, юртнинг эртаси, келажагига дахлдорлик ҳиссини мустаҳкамламоқда.
[gallery-18834]
–Танловда иштирок этиб, халқимизнинг ўзига хос миллий, маънавий қадриятларини янгидан кашф этдим, – дейди танловнинг Олтинкўл туман босқичи ғолибаси Арофатхон Исмоилова. – Ёт ғоялар, “оммавий маданият” кўринишлари хуружи кучайиб бораётган бугунги кунда ёшлар маънавиятини юксалтириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб масала. Шу боис, биз ёш маънавиятчилар тенгдошларимиз ўртасида турли ёт ғоялар, салбий иллатларга қарши курашда янада фаол бўлишимиз зарур.
Умуман, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан жойларда ўтказилаётган “Маънавият енгилмас куч”, "Жаҳолатга қарши маърифат", “Йилнинг энг фаол маънавиятчиси”, “Оила – муқаддас қўрғон”, “Миллий қадриятлар – бебаҳо меросимиз”, “Китобхон оила”, “Энг яхши китобхон”, “Уч авлод учрашуви”, “Маънавият соати” сингари кўплаб мавзулар остида ўтказилаётган турли тадбир, танлов, фестиваль, учрашув ва мулоқотлар, шубҳасиз, юртдошларимиз қалбини маънавият нурлари билан бойитишга, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрами олдидан “Бир бўлсак –ягона халқмиз, бирлашсак– Ватанмиз” шиори остида ўтказилган “Маънавият фастивали” доирасидаги учрашув ва мулоқотлар, концерт дастурлари, тадбирлар халқимиз, хусусан, андижонликлар маънавий ҳаётида унутилмас таассуротлар қолдирди.
Ёзувчи ва шоирлар, олимлар, маънавият тарғиботчилари, санъаткорлар, истеъдодли ёшлар иштирокида ўтказилган ана шу маданий-маърифий тадбирлар орқали ислоҳотлар, ҳаётимизда юз бераётган ижобий ўзгаришлар мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида юртдошларимизга кенг маълумотлар берилди, мустақиллик халқимизнинг асрлар давомидаги энг улуғ орзуси, бебаҳо неъмат эканлиги, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизнинг қадр-қиммати тарғиб этилди.
– Мустақиллик шарофати билан юртимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганлигидан қалбимиз фахрга тўлади, – дейди Қорасув шаҳрида яшовчи меҳнат фахрийси Сирожиддин Ҳасанов. – Шаҳримиз мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланади, Лекин бу ердаги ўзгаришлар, бунёдкорлик, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлар бизни беҳад қувонтиради. Мана шундай обод масканда яшаётганлигимиздан, тинчлик-хотиржамлик ҳукм сураётган, инсон қадри улуғланаётган юрт фуқароси эканлигимиз учун яратганга беадад шукрлар келтирамиз.
Мустақиллик байрами арафасида бу каби шукроналик туйғулари кўплаб юртдошларимиз қалбида жўш урмоқда.
– Мустақиллик байрами арафасида қишлоқ ва шаҳарларимизда янги-янги уй-жойлар, корхоналар, савдо, хизмат кўрсатиш объектлари фойдаланишга топширилмоқда, тўю тантаналар бўлиб ўтмоқда, – дейди “Нуроний” жамғармаси Андижон вилоят бўлими раиси Ўктамжон Охунов. – Бу халқимизнинг турмуш шароитлари ва фаровонлигини оширишга, энг муҳими, ҳаётдан рози бўлиб яшашига мустаҳкам замин яратмоқда.
Тинч, фаровон, ҳаётидан рози бўлиб яшаётган халқимизнинг маънавий ҳаёти ҳам янада гўзал бўлишига асло шубҳа йўқ.
“Демократия”, “фикр эркинлиги”, “очиқлик” тамойилларини ниқоб қилиб, халқимиз минг йиллар давомида кўз қорачиғидек асраб келган қадриятларимизни бузишга, ҳаётимизни ичидан қўпоришга уринишлар, таҳдидлар кучайиб бораётган бугунги кунда маънавий-маърифий ишлар тарғиботини янада кучайтириш муҳим вазифалардан биридир. Олиб борилаётган тарғибот ишлари юртдошларимиз, аввало, ёшларимизда юксак ватанпарварлик, миллий бирлик, ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотишга хизмат қилсин.
Мухтасар айтганда, маънавий-маърифий йўналишда олиб борилаётган ишлар самарасида мустақиллигимизнинг мустаҳкам устунларидан бири – халқимиз маънавияти бойиб, юксалмоқда. Маънавияти юксак халқимизнинг, озод ва обод Ватанимизнинг келажаги эса порлоқдир.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари