Маънавият масканларида жиноят
Мактаблар, маданият марказлари – маънавият масканлари саналади.
Мактаблар, маданият марказлари – маънавият масканлари саналади. Бундай муассасаларда ноқонуний қилмиш бўлди, дейишса ишонгинг келмайди. Бироқ, афсус...
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, Жиззах вилояти Дўстлик тумани маданият марказида 266,9 миллион сўм бюджет маблағи талон-тарож қилинган.
Бу ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Дўстлик тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланган.
Маданият маркази бошлиғи М.Э. ва бошқалар ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиш орқали марказда ҳақиқатда ишламаган 18 нафар фуқарога иш ҳақи ҳисоблаб, уларнинг имзоларини қалбакилаштириб, маошини олиб келган.
Мазкур ҳолат юзасидан М.Э. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Косон туманида эса мактаб директори жиноят устида ушланди
Департаментнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан вилоят прокуратураси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Косон туманидаги 98-сонли мактаби директор Н.З. фуқаро Д.У.га ўрта-махсус маълумотли мақомини берувчи қалбаки диплом тайёрлатиб бериш ва уни ушбу мактабга лаборант вазифасига ишга қабул қилиш эвазига ундан 800 АҚШ долларини пора сифатида олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Н.З.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.