Маънавият масаласига барча дахлдор
Республика Маънавият ва маърифат марказида “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари“ ғояси асосида республикамизда маънавий-маърифий соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтаришнинг долзарб масалалари“ мавзуида анжуман бўлиб ўтди.
Республика Маънавият ва маърифат марказида “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари“ ғояси асосида республикамизда маънавий-маърифий соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтаришнинг долзарб масалалари“ мавзуида анжуман бўлиб ўтди.
Унга турли вазирлик ва идоралар масъуллари, адиб ва шоирлар, олимлар, маънавият фидойилари, ўқитувчилар таклиф этилди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, Ўзбекистон фан арбоби, академик Оқил Салимов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш“ демократик партияси марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров, Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғафуров ва бошқалар Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари“ деган эзгу ғоя ўз залвори, кўлами билан улкан амалий саъй-ҳаракатга айланиб бораётганини таъкидлади. Янги тараққиёт босқичига чиққан Ўзбекистонимизда халқ розилигига эришиш, инсонга олий қадрият сифатида эътибор қаратиш тобора кўпроқ устуворлик касб этмоқда.
Мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш, бу борадаги чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, халқимиз онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, маънавий-мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, юксак ватанпарварлик, истиқлолга садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 28 июлдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида“ги қарори асосида Республика Маънавият ва маърифат маркази қайта ташкил этилди. Ушбу қарорда белгиланганидек, Республика Маънавият ва маърифат кенгашига Ўзбекистон Республикаси Президентининг раислик қилиши маънавият ва маърифат бугунги кунда жамият ривожланишида ўта муҳим масалалардан бири эканининг тасдиғидир.
Ўтган қисқа даврда мазкур соҳани тубдан ривожлантириш мақсадида Президентимизнинг 2 та қарори, 1 та фармони, 1 та фармойиши, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1 та қарори қабул қилинди.
Марказ томонидан юқоридаги қарорлар ижроси юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Унинг мамлакат миқёсида маънавий-маърифий ишларни янги босқичда тизимли ва натижали ташкил этиши учун бугунги кундаги долзарб вазифалардан келиб чиққан ҳолда янги бўлимлар, ташкилий тарғибот тизимлари, Мультимедиа студияси ташкил этилди. Шу билан бирга, мазкур тузилма қошида долзарб мавзуларда маънавий-маърифий тадбирларни ташкил қилиш, мамлакатдаги янги давр руҳига ҳамоҳанг бошланган улкан бунёдкорлик ва яратувчанлик ҳаракати, мақсадли ислоҳотларни кенг халқ оммасига етказиш, жамиятда ҳамжиҳатлик туйғусини мустаҳкамлаш, бунда зиёлилар, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт намояндалари, маънавият фидойилари салоҳиятига таянган ҳолда тарғибот ишини тизимли олиб борадиган “Маърифат“ тарғиботчилари жамияти тузилиб, унинг ташкилий ва моддий асослари яратилди.
Шунингдек, Президентимиз қарори асосида илғор андозаларга таянган ҳолда маънавий-маърифий тарғибот тизимини такомиллаштириш, миллий ғоя ва мафкура борасида илмий-тадқиқот ва услубий таъминот ишларини ташкил этишнинг мустаҳкам тизимини яратиш, зарур илмий-услубий адабиётлар, рисола ва қўлланмалар, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, соҳа мутахассислари малакасини ошириш бўйича янги самарали тизимни йўлга қўйиш мақсадида “Маънавият тарғиботчиси“ нодавлат таълим муассасаси иш бошлади.
Республика Маънавият ва маърифат маркази фаолияти учун барча зарур воситаларга эга бўлган замонавий ва кўркам бино ажратилди. Марказнинг моддий таъминоти, ходимлар иш ҳақи оширилиб, моддий рағбатлантирилди. Тарғибот тадбирлари учун замонавий ахборот технологиялари, тарғибот автобуси ва бошқа зарурий техник воситалар билан таъминланди. Буларнинг барчаси марказ фаолиятини бугунги янги давр руҳи ва талаблари асосида юксак даражада ташкил этиш, юртимиздаги маънавий-маърифий ишларни замон талабларидан келиб чиққан ҳолда янги босқичга кўтариш имконини беради.
Анжуманда маънавият соҳасида қабул қилинган қарорларда белгиланган муҳим йўналишлардан келиб чиққан ҳолда долзарб масалалар муҳокама этилди.
Маънавият ва маърифат йўналишидаги узлуксиз тизим асосида фаолиятни такомиллаштириш, тарғибот тадбирлари самарадорлигини ошириш, соҳага оид долзарб тадқиқот ишларини ташкил этиш, тарғибот воситалари бўлган муҳим қўлланма ва адабиётлар яратиш, бу борадаги фаолиятни мувофиқлаштириш, мавжуд маънавий таҳдидларга қарши тарғибот тизимини кучайтириш, юртимизда кечаётган шиддатли ислоҳотлар моҳиятини аҳолига етказиш, ҳамюртларимизнинг Ватанимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ва яратувчанлик ишларига нисбатан дахлдорлик туйғусини кучайтириш борасида муҳим таклиф ва мулоҳазалар билдирилди, ҳамжиҳатликда амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.