Маънавият маршрути бўйлаб саёҳат
Бухоро вилояти Шофиркон туманида “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз!” шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси, тумандаги ИИБ нинг шахсий таркиби ҳамда туман ҳокимлиги ҳамкорлигида "Маънавият маршрути" ташрифи лойиҳаси ўтказилди. Тадбирда оила аъзолари ва фарзандлари билан иштирок этган ИИБ ходимлари Моҳитобон зиёратгоҳига саёҳат қилишди.

– Тарихий обидалар ва қадриятларимизни қадрлаш ҳамда уларни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Дилором Ғаффорова. – Шу билан бирга Моҳитобон зиёратгоҳида жойлашган Шофиркон тарихи ва маданияти музейига ҳам саёҳат уюштирилди. Музейда туман ҳаёти ва ўтмишини акс эттирувчи 2 мингга яқин экспонатлар хусусида соҳа ходимларига батафсил маълумот берилди.

Албатта, “Ватанпарварлик ойлиги” муносабати билан юртимиз бўйлаб Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмалари ва ИИБ ходимлари томонидан ўтказилаётган бу каби тадбирлар армия ва халқ якдиллигини мустаҳкамлашда ҳамда ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда, шижоат ва мардлик туйғуларини уйғотишда муҳим аҳамият касб этади.

Ватанпарварлик ойлигига бағишланган тадбирлар қизғин давом этмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА