Маънавият маркази иш бошлади
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2021 йил 19 январь куни ўтказилган маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишидаги топшириқлар ҳамда жорий йилнинг 26 мартдаги қарор ижроси асосида Қарши шаҳрида янги Маънавият маскани фойдаланишга топширилди.
Бу ҳақда Республика Маънавият ва маърифат маркази матбуот хизмати маълум қилмоқда.
Шу муносабат билан “Янги Ўзбекистоннинг маънавий ва маданий тараққиёти асослари” мавзусида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, адабиёт, маънавият, маданият, санъат намоёндалари, маънавият тарғиботчилари, ёшлар, маҳалла фаоллари иштирок этди.
Қўли гул усталарнинг саъй- ҳаракати билан юзага келган муҳташам, янги бинода Ёзувчилар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлими фаоллар зали, нуронийлар ҳордиқ чиқариши учун махсус жой ва мажлислар зали, ижод аҳли учун махсус хоналар, зиё масканлари бор. Улар спорт билан мунтазам шуғулланиши учун мўъжазгина спорт зал ҳам қуриб фойдаланишга топширилди. Қарши шаҳрида бўй кўрсатган оппоқ бино - Маънавият маскани Мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрами олдидан Қарши аҳлига совға бўлди.

Тантанали очилиш маросимида Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, туман ва шаҳар бўлинмалари вакиллари зиммасига ўта масъулиятли вазифалар юклангани, халқимиз маънавиятини кучайтиришга қаратилган маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан ташкил этилаётган тадбирларни юқори савияда ўтказиш бўйича фикр алмашилди.
Тадбирда вилоят ҳокими, вилоят маънавият ва маърифат кенгаши раиси Зойир Мирзаев иштирок этди.
Н.Усмонова,ЎзА