Маънавий уйғонмасак, ғафлатда қолаверамиз
Бундан бир аср илгари “Ойна” журналида маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий бизни икки “қаттол душман” — тўй ва ўлим маросимлари инқирозга, таҳликага ва жаҳаннамга юмалатади, деб ёзган эди.
Бундан бир аср илгари “Ойна” журналида маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий бизни икки “қаттол душман” — тўй ва ўлим маросимлари инқирозга, таҳликага ва жаҳаннамга юмалатади, деб ёзган эди. Демак, бу мавзу юз йил олдин ҳам долзарб бўлган.
Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг Қўшма қарори билан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.
Ҳақиқатдан ҳам, кейинги пайтларда тўйлар, оилавий тантаналар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмаслик, халқимизнинг урф-одат ва анъаналарини менсимаслик каби иллатлар кўзга ташланмоқда. Энг ёмони, бундай ҳолатлар ёшларимиз тарбиясига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Уларда ҳалол меҳнатга нисбатан беписанд муносабат ва енгил-елпи ҳаёт кечириш, манманликка интилишнинг кучайишига сабаб бўляпти.
Тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатлар минглаб оилаларнинг моддий аҳволи ёмонлашувига, уларнинг қарзга ботишига, саломатлигини йўқотишларига, оиладаги тинчликка путур етиши, энг ачинарлиси, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитнинг бузилишига олиб келмоқда.
Ҳаммамизнинг ёдимизда: давлатимиз раҳбари 2018 йил 11 октябрда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг навбатдаги саммитида бугунги глобаллашув жараёни шароитида долзарб масалалар қаторида оилаларни мустаҳкамлаш, бунда, айниқса, ўсиб келаётган авлодни миллий қадриятлар асосида тарбиялаш муҳим аҳамият касб этишига алоҳида тўхталиб ўтган эди. Эътиборли жиҳати, саммит якунида Оила институти ва анъанавий оилавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш бўйича баёнот ҳам қабул қилинди.
Ўзбек халқининг тўйлари ҳам аслида қадрият ҳисобланади. Қадрият бўлганда ҳам эзгу, миллий қадриятдир. Бир-биримизга яхшилик тиласак, “Бошингиз тўйдан чиқмасин” деб ният билдирамиз. Тўй дегани бу хурсандчилик, қувонч. Тўй бу — яхшилик, осойишталик, тинчлик, меҳр –муҳаббат рамзи. Тўйда ҳурмат-иззат, меҳмондўстлик, дуо олиш, эзгу ишларга ундаш, шеърхонлик, мушоира, айтишувлар бўлади. Тўй аслида бахтга замин.
Тўй бизнинг маънавиятимиздан дарак беради, десак муболаға бўлмайди. Эртани ўйламасак, кўрпага қараб оёқ узатмасак, ҳеч ким бўлмай ўтаверамиз. Кимдандир андоза олиб, кимўзарга дастурхон ёзиш охир-оқибатда кишини қарзга ботиради, оилани оғир аҳволга солади. Катта данғиллама тўй, адоғи йўқ сеп-сарполар бахтга кафолат бўлганини ким кўрибди? Етмиш йилга етадиган сеплар билан оилада ким қадр топибди? Етти эмас, етмиш маҳаллага довруғи етадиган тўй қилиб, 40 қозон ош дамлаб тарқатган одамга ҳали ҳеч ким раҳмат демаган. Катта тўй қилиб ҳеч ким обрў топган эмас, лекин фарзанд тарбиясига эътибор қилиб, уни комил инсон этиб тарбиялаган ота-она ҳамиша эл олқишини олган. Эл корига ярайдиган, ақлли, билимли фарзанд тарбиялаган ота-онага ҳамма ҳавас қилган, раҳмат айтган. Узоққа бормайлик, бугун катта танловлардан ўтиб, Президент мактабида, нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олаётган кўзи ёниб турган, илмга чанқоқ болалар, уларнинг ота-оналарига ич-ичимиздан ҳавас қиляпмиз. Уйимизда, кўнглимизда ҳар куни тўй бўлиши учун фарзандимиз тарбиясига эътибор қаратайлик. Ахир комил фарзанднинг ота-онаси бўлишдан ҳам ортиқ бахт борми?
Демак, дабдаба, исрофлар оилаларнинг моддий аҳволини оғирлаштириб, уларнинг турмушини издан чиқарар экан, бу ҳолатнинг олдини олиш учун нима қилишимиз керак? Нима қилсак, парламентимиз палаталари қабул қилган қарор ижроси таъминланади? Бу соҳада менинг, сизнинг вазифангиз нимадан иборат бўлиши керак?
Тажриба шуни кўрсатадики, зиёлилар, маърифат эгалари қарорлар ижроси, оила мустаҳкамлиги, тотувлиги учун биринчи навбатда масъул кишилар саналган. Маърифатли инсонлар аҳоли орасида таълим-тарбия ишларини олиб бориб, китобхонликни тарғиб қилади. Маҳалла кайвониларининг ўгитлари, ҳаётий мисоллари ҳар доим ўз самарасини берган. Бугун эл ҳурматида бўлган зиёлилар, маҳалла фаоллари билан биргаликда бу ишни амалга оширишимиз керак. Энг муҳими, бу борада ўзимиз намуна бўлишимиз лозим. Сўз ва иш бирлигини амалда кўрсатишимиз даркор.
Ҳар биримиз ўз ҳудудимизда, кўчамиз, сайлов округимизда тўй ва маъракалар, оилавий маросим ва бошқа тадбирларнинг ўтказилиши юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда фаол бўлишимиз керак. Бу борада шахсий ибратнинг ҳам таъсирчанлиги катта бўлади. Яна бир мулоҳаза. Албатта, тўй ўтказиш, тадбир ташкил этишда, топганимни қандай сарфлаш шахсий ишим, дейдиганлар ҳам орамизда йўқ эмас. Никоҳ, оила юрт ва миллат тақдирига дахлдор масала эканини эътиборга оладиган бўлсак, ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб, ҳаракат қилсак, мақсадга мувофиқ бўлади.
Мазкур кўрилаётган чора-тадбирлардан мақсад никоҳ ва оилани муқаддас билиш, соғлом авлодни дунёга келтириш ва тарбиялаш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш, болалар бахти, тақдири, келажагига ғамхўрлик ва масъуллик ҳиссини ошириш, шу аснода оилада соғлом муҳит яратиш, оилавий ажримларнинг олдини олишдир.
Таъкидлаш жоиз, маънавият ва маърифатни юксалтирмасдан бирор бир соҳада муваффақиятга эришиб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Демак, тарғибот-ташвиқот, шахсий намунамизни кўрсатмасак, маънавиятимизни юксак даражага олиб чиқолмаймиз. Маънавий юксаклик исрофгарчиликнинг олдини олади, оилада соғлом муҳит, меҳр-муҳаббат, ўзаро ҳурмат, тинч-тотувликка пойдевор бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, тўйлар оила, юрт ва миллат тақдирига дахлдор масала. Шундай экан, оилани мустаҳкам қўрғонга айлантириш, Ватан, халқ, миллат орзу-умиди ва мақсадларини, келажагини асрашга ҳар биримиз масъулмиз.
Комила КАРОМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати