Мали шимолида исёнчилар армия ва Россия базасини қамал қилди
Мали шимолидаги Анефис шаҳрида бир неча кундирки шиддатли жанг давом этяпти. “Азавад Озодлик фронти” тузилмасига қарашли Туарег исёнчилари миллий армия ва Россиянинг “Африка корпуси” томонидан ушлаб турилган ҳарбий базани қамал қилишди.
Гувоҳлар айтишича, шаҳар миномёт снаряди ва дрон ҳужумига учраган.
Маҳаллий манбалар исёнчилар шаҳарнинг аксар қисмини назоратга олгани, фақат ҳарбий база Мали ва РФ кучлари назорати остида қолаётганини таъкидлаган. Аллақачон Гао шаҳридан ҳудудга қўшимча куч юборилган.
“Африка корпуси” РФ Мудофаа вазирлиги кўмагида 2023 йил охири-2024 йил бошида Россиянинг ушбу қитъадаги ҳарбий ва иқтисодий манфаатини ҳимоя қилиш учун тузилган ҳарбийлаштирилган кучлари ҳисобланади. Мазкур тузилма илгари фаолият юритган Вагнер бўлинмалари ўрнида ташкил этилган.
Туареглар эса 2012 йилдан буён Малида мустақиллик учун курашиб келаётган этник гуруҳдир.
С.Раҳимов, ЎзА