Малайзия исломни англаш институти раиси Самарқандда
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Малайзия исломни англаш институти (IKIM) ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоят вакиллиги билан ҳамкорликда “Ислом цивилизация ташаббусларининг тикланиши” мавзусида халқаро давра суҳбати ташкил этилди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбари Шовосил Зиёдов, Малайзия Бош вазири ҳузуридаги Динлараро тотувлик қўмитаси аъзоси, Малайзия исломни англаш институти (IKIM) раиси Муҳаммад Нур Манути, Самарқанд вилояти бош имом хатиби Зайниддин Эшонқулов ва бошқалар муқаддас динимиз ва унинг ғояларини ўрганиш, тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар, ушбу йўналишда илмий муассасалар фаолияти, ҳамкорликдаги лойиҳалар ҳақида сўз юритди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Малайзия Исломни англаш институти ўртасида йўлга қўйилган яқин ҳамкорлик натижасида биргаликда илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Институтнинг “Ислом ва замонавий дунё” (TAFHIM) илмий журнали ҳамда марказнинг “Имом Бухорий сабоқлари” журналида ҳар икки томон тадқиқотчи олимларининг илмий мақолалари эълон қилиб борилади. Шунингдек, институт радиоси (Radio IKIM)да алломаларимиз мероси ҳақида икки томон олимлари иштирокида эшиттиришлар ташкил этилади.
– Бугунги глобаллашув шароитида ислом цивилизациясининг таркиб топишига муносиб ҳисса қўшган мовароуннаҳрлик алломалар маънавий меросини ўрганиш жуда муҳим, – деди Малайзия исломни англаш институти (IKIM) раиси Муҳаммад Нур Манути. – Мамлакатингизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар кўлами ва ёрқин самараси алоҳида эътирофга лойиқ. Бу Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимларининг юқори илмий салоҳиятида, нашр этилган юксак маърифий қийматга эга адабиётларда намоён бўлиб турибди.
Давра суҳбатида Марказий Осиё уламоларининг ислом цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси ва глобаллашув шароитида ислом цивилизациясининг ташаббуслари йўналишларида туркум маърузалар тингланди. Иштирокчилар Мовароуннаҳрда ҳадис илмининг ривожланишида бу улуғ заминдан етишиб чиққан муҳаддис олимларнинг ўрни, Алоуддин Усмандийнинг мотуридийлик калом мактаби ривожига қўшган ҳиссаси билан бирга Малайзия Федерал конституциясида исломнинг мавқеи, исломда илмнинг юксак мақоми, экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш бўйича Малайзия тажрибасини кенг муҳокама қилдилар.
Қизғин мунозаралар давомида диний бағрикенглик тамойилларини ҳаётга кенгроқ татбиқ этиш, алломалар асарларидаги эзгу ғоялар тарғиботини жадаллаштириш, эътиқод ва виждон эркинлигини таъминлаш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Малайзиялик меҳмонлар Марказ ва Ҳадис илми мактаби фаолияти билан яқиндан танишди. Марказ кутубхонасидаги ноёб китоб ва тарихий манбалар, музей ашёлари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири