Малайзия ҳам 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларга киришни чеклади
Малайзия 16 ёшгача бўлган болаларни ҳимоя қилиш учун ижтимоий тармоқда қатъий чоралар кўрмоқда. Янги қоида кимга ва қандай таъсир қилади?
Малайзия рақамли муҳитда ёш фойдаланувчилар ҳимоясини кучайтириш бўйича глобал саъй-ҳаракатга қўшилди, дея хабар бермоқда “Kazinform” агентлиги.
1 июндан мамлакатда 16 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқда шахсий аккаунт очишни тақиқловчи янги қоида кучга кирди.
Янги талаб фойдаланувчилар сони 8 миллиондан ортиқ бўлган ижтимоий платформаларга нисбатан қўлланилади. Қоида ёш текширувини талаб қилиб, 16 ёшдан кичик фойдаланувчига рўйхатдан ўтишни тақиқлайди.
Мавжуд фойдаланувчилар учун ёшни текшириш кейинги олти ой давомида босқичма-босқич амалга оширилади.
Маълум қилинишича, 16 ёшгача бўлган фойдаланувчига ўзининг фотосурат ва видеосини сақлаш ёки узатиш учун бир ой вақт берилади. Белгиланган муддат тугагач, унинг ҳисоби чекланиши, тўхтатилиши ёки бошқа чора кўрилиши мумкин.
Қонунга риоя қилмаган компания 10 миллион ринггит (2,5 миллион АҚШ доллари)гача жаримага тортилади.
Хабарда технология компаниялари Малайзиянинг янги талабларига қандай амал қилишлари ҳақида ҳозирча батафсил маълумот бермаган.
Ҳукуматнинг таъкидлашича, бу чора-тадбирлар болани зарарли контент, кибербуллинг ва ортиқча фойдаланишни рағбатлантиришга қаратилган платформа хусусиятидан ҳимоя қилишга қаратилган.
Бироқ соҳа вакиллари 16 ёшгача бўлган фойдаланувчилар учун ижтимоий тармоқни тўлиқ тақиқлаш тескари натижа бериши мумкинлигидан хавотир билдирган. Уларга кўра, бундай чора ўсмирларни камроқ хавфсиз ва тартибга солинмаган интернет платформаларидан фойдаланишга ундаши мумкин. Мутахассислар вояга этмаганлар учун мулоқот, экран вақти ва номақбул контентга кириш чеклови каби ҳимоя усулларни таклиф қиляпти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари учун ёш чекловини кўриб чиқаётгани маълум қилинган эди. Шунингдек, Туркия парламенти ижтимоий тармоқларда 15 ёшгача бўлган фойдаланувчига хизмат кўрсатишни тақиқловчи қонунни қабул қилгани ҳақида ҳам хабар берилганди.
Г.Сатторова, ЎзА