Мактабларга муносиб кадрлар сараланмоқда
Жиззах шаҳридаги Президент мактабида умумий ўрта таълим муассасалари учун “Мактаб маслаҳатчиси” лавозимига номзодларни саралашнинг иккинчи мавсуми иккинчи босқич суҳбатлари давом этмоқда.
Мазкур жараён давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 8 сентябрдаги “Мактабдан ташқари таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 10 декабрдаги “Келажак” марказлари фаолиятини тартибга солишга қаратилган айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган.
Суҳбатлар Жиззах вилояти “Келажак” маркази томонидан ўтказилмоқда. Жараёнда Республика “Келажак” маркази вакили кузатувчи сифатида иштирок этиб, саралашнинг очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида ташкил этилишини таъминламоқда.
[gallery-30413]
Номзодлар билан ўтказилаётган суҳбатларда уларнинг касбий билим ва салоҳияти, лидерлик қобилияти, мулоқот маданияти, ташаббускорлиги, шунингдек, ёшлар билан ишлаш борасидаги амалий кўникмалари атрофлича баҳоланмоқда. Бу эса таълим муассасалари учун билимли, ташаббускор ва юксак масъулият ҳиссига эга мутахассисларни танлаб олишда муҳим аҳамият касб этади.
Жиззах вилоятидаги 483 та умумий ўрта таълим мактаби учун “Мактаб маслаҳатчиси” лавозимига номзодлар сараланаётган бўлиб, суҳбат жараёнларида 1333 нафар номзод иштирок этмоқда.
Мазкур саралашдан кўзланган асосий мақсад умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий муҳитни янада мустаҳкамлаш, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ёшлар билан ишлаш тизимига юқори малакали ва салоҳиятли кадрларни жалб этишдан иборат. Суҳбат якунларига кўра, энг муносиб номзодлар “Мактаб маслаҳатчиси” лавозимига тавсия этилади.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари