Мактаблар янги ўқув йилига тайёрланмоқда
Мамлакатимиздаги барча таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланишига саноқли кунлар қолди.
Айни кунларда Наманган вилоятидаги 48 та мактаб ва 11 та болалар боғчаси, жами 59 та объектда Президентимизнинг 2023 йил 25 декабрдаги “2024-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида умумий қиймати 386 миллиард сўмга тенг қурилиш, таъмирлаш, қайта реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати томонидан ташкил этилган пресс-турда оммавий ахборот воситалари вакиллари янги ўқув йилига ҳозирланаётган билимгоҳлардаги бунёдкорлик жараёнлари билан яқиндан танишди.

Давлатобод туманидаги 91-сонли умумтаълим мактаби 1970 йилда қурилган. Мактаб бугунги кун талабига мос бўлмаган шароитда фаолият юритиб келди. Жорий йил инвестиция дастурига тушган мазкур илм масканида мавжуд 270 ўринли ўқув биносини мукаммал таъмирлаш ҳамда 12х24 ўлчамдаги янги спорт залини қуриш ишлари жадал олиб борилмоқда. Бунинг учун давлат бюджети ҳисобидан 3 миллиард 702 миллион сўм маблағ сарфланмоқда. Янги ўқув йили арафасида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган мазкур мактабда мукаммал таъмирлашдан сўнг ўқувчиларга сифатли таълим-тарбия бериш учун барча шарт-шароит яратилади.
Туманнинг Боғ маҳалласидаги 95-сонли умумтаълим мактаби биносидан илгари Меҳрибонлик уйи, болалар боғчаси ва лицей сифатида фойдаланиб келинган. 2023 йилдан эса мактаб фаолият юритиб келмоқда. Жорий йилда қайта реконструкция ишлари бажарилаётган ушбу таълим даргоҳи учун 10 миллиард 909 миллион сўм ажратилган.

– Биз учун нажот – илмда, таълимда, тарбияда. Бу ҳақиқатни теран ҳис этган давлатимиз раҳбари фарзандларимизнинг баркамол инсонлар бўлиб камол топишида ғамхўрлик кўрсатиб келмоқда, – дейди Давлатобод туманидаги 95-сонли умумтаълим мактаби директори, Халқ таълими аълочиси Маъсудахон Мирзамова. –Ҳудудимизда аҳоли сони ўсмоқда. Табиийки, болаларнинг сифатли таълим олиши учун қўшимча ўқув биноларига эҳтиёж пайдо бўлди. Айни шу талабдан келиб чиққан ҳолда мактабимиз замонавий кўркам қиёфа касб этиб, барча зарур имконият муҳайё этилмоқда.

Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси соҳа инфратузилмасини ривожлантириш шуъбаси раҳбари Ғолибжон Асрақуловнинг қайд этишича, Наманган вилоятида сўнгги етти йилда 247 та муассаса, шу жумладан, 24 та янги мактаб биноси қурилиб, 126 та мактаб реконструкция қилинди. Шунингдек, 97 та мактаб биносини мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилиб, ушбу хайрли мақсадларга 1 триллион 17 миллиард 800 миллион сўм йўналтирилди.
Эътиборлиси, сўнгги йилларда инновацион лойиҳалар асосида қурилаётган юзлаб умумтаълим мактаблари халқаро стандартларга мос равишда жиҳозланмоқда. Янги қурилган, капитал таъмирдан чиқарилган, реконструкция қилинган ушбу масканларнинг иситиш тизимлари, кузатув камералари билан таъминланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА мухбири