Мактабгача таълимни ривожлантириш минтақавий маркази ташкил этилади
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова Париж шаҳрида ЮНЕСКО ташкилоти Бош директори Ҳошим Ал-Анани билан учрашди.
Тадбир доирасида Тошкентда ЮНЕСКО шафелигидаги II-тоифали “Мактабгача таълимни ривожлантириш минтақавий маркази”ни ташкил этиш тўғрисидаги битим имзоланди.
Ушбу ташаббус 2025 йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси очилиш маросими доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган эди.

Осиё ва Тинч океани минтақасида илк бор ташкил этилаётган ушбу марказ мактабгача таълим соҳасидаги ислоҳотларни халқаро тажриба ва экспертиза билан қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистонни эрта ёшдаги таълим соҳасида минтақавий “хаб” сифатида шакллантиради.

Учрашув давомида Бош директор Ҳошим Ал-Анани Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ЮНЕСКО билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлаб, давлат раҳбарининг халқаро таълим, маданият ва фан соҳасидаги ташаббускорлигини юксак баҳолади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА