Мактабгача таълим йўналиши бўйича халқаро тажриба асосида бакалаврлар тайёрлаш тизими жорий этилади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Мактабгача таълим йўналиши бўйича халқаро тажриба асосида бакалаврлар тайёрлаш тизимини жорий этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб:
давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида фаолият юритаётган ўрта махсус маълумотли педагог кадрлар учун ҳафтада бир кун педагогика олий таълим ташкилотида, беш кун мактабгача таълим ташкилотида тўлов-шартнома асосида мактабгача таълим йўналишида бакалавриат босқичида дуал таълим шаклида ўқиш жорий этилади;
мактабгача таълим йўналишида бакалаврлар тайёрлаш жараёнида мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларида замонавий кўникмаларни шакллантириш билан бирга жисмоний тарбия машғулотларини ўтказиш ҳамда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича зарур билим ва кўникмалар шакллантирилади;
педагог кадрлар тайёрлайдиган давлат ва нодавлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган бакалавр босқичи талабаларининг билимлари ҳар йили тасдиқланган режа-жадвал асосида ташқи диагностикадан ўтказиб борилади.
2028/2029 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон миллий педагогика университетининг, 2029/2030 ўқув йилидан бошлаб Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги педагогика олий таълим ташкилотларининг халқаро таълим дастурлари жорий этилган бакалавриат таълим йўналишларининг битирувчи курс талабаларига якуний давлат аттестацияси билан бирга ўз хоҳишига кўра касбий сертификатлаш синовларида бепул иштирок этиш имконияти берилади.
Қарорга кўра, дуал таълим шаклида мактабгача таълим бакалавриат таълим йўналишида ўқишга давлат ва (ёки) нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида камида уч йил давомида фаолият юритаётган ўрта махсус маълумотли педагог кадрлар олий таълим ташкилотлари бакалавриатига ўқишга қабул қилишнинг амалдаги тартибига мувофиқ ўтказиладиган тест синовлари асосида қабул қилинади.
Дуал таълим шаклида мактабгача таълим бакалавриат таълим йўналиши бўйича қабул параметрлари ҳудудлардаги эҳтиёждан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.
Дуал таълим шаклида мактабгача таълим бакалавриат таълим йўналишида педагогика олий таълим ташкилотларига фақат тегишли ҳудуддаги мактабгача таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагоглар қабул қилинади.
Таълим жараёнларини ташкил этишда талабаларнинг мактабгача таълим ташкилотларидаги амалий фаолиятини методик жиҳатдан таъминлаш, мувофиқлаштириш ва баҳолаш механизмлари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.
Таълим олаётган педагоглар ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда, малака ошириш курсларига жалб этилмайди.
Қарор билан:
Мактабгача таълим ташкилотларида фаолият юритаётган ўрта махсус маълумотли педагогларни дуал таълим шаклида ўқитиш тизимини ташкил этиш бўйича “йўл харитаси”;
Дуал таълим шаклида мактабгача таълим бакалавриат таълим йўналишида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйиладиган педагогика олий таълим ташкилотлари рўйхати тасдиқланди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:
а) 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб:
мактабгача таълим йўналишида давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида фаолият юритаётган ўрта махсус маълумотли педагог кадрларни дуал таълим шаклида ўқитишни ташкил этади;
мактабгача таълим бакалавриат таълим йўналишида кадрлар тайёрлаш жараёнида мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларида замонавий кўникмаларни шакллантириш билан бирга жисмоний тарбия машғулотларини ўтказиш ҳамда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича зарур билим ва кўникмаларни шакллантиришни назарда тутувчи ўқув дастурларини жорий этади;
ҳар йили давлат ва нодавлат олий таълим ташкилотларида мактабгача ва мактаб таълими соҳасида бакалаврлар тайёрлаш сифатини таҳлил қилиш учун талабаларнинг билимларини тасдиқланган режа-жадвал асосида ташқи диагностикадан ўтказиб борилишини таъминлайди;
б) Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги педагогика олий таълим ташкилотларининг халқаро таълим дастурлари жорий этилган бакалавриат таълим йўналишларининг битирувчи курс талабаларига якуний давлат аттестацияси билан бирга ўз хоҳишига кўра касбий сертификатлаш синовларида бепул иштирок этиш имкониятини яратади.
ЎзА