Макон турфа, лек асл моҳият умумий
Лазиз Раҳматовнинг “Дунё мамлакатлари” китобини ўқиб...
Киши шундай ҳикмат қилади ҳосил,
Зеро, сел томчилар йиғиндисидир.
Жалолиддин Суютий
“Қанот” лойиҳаси асосчиси, таниқли журналист Лазиз Раҳматовнинг “Дунё мамлакатлари” номли энциклопедик китоби чоп этилди. Ирфон ихлосмандлари ҳукмига ҳавола этилган бу маърифий хазина билан батафсил танишиб чиқдим.
“Шарқ нашр” нашриёти томонидан замонавий дизайн ва мазмун уйғунлигига мутаносиб янги асар дунёга келганини муқоважилданоқ ҳис қиласиз.
Халқаро стандартда, ЮНЕСКО тавсиясига кўра, ҳажми 48 саҳифадан кам бўлмаган, табоқлаб тикилган нодаврий нашрни, шартли равишда, “Китоб” дейиш қабул қилинган. Қўлимдаги энциклопедик тўплам эса салкам 1200 саҳифадан иборат бўлиб, муаллиф уммон бағридаги томчилар мисоли кўплаб маълумотларни бирма-бир мисқоллаб йиғиб, тартибга солган.
Асар ҳажмдорлиги ва қизиқарли маълумотларга бойлиги билан хорижий давлатларга қизиқадиган инсонни ўз домига беихтиёр тортади. Асар киши дидига яқинлиги, турли халқларнинг парадигмаси билан уйғунлиги, илмий тилнинг бадиий услубиятга сингганлиги билан аҳамиятлидир.
Муаллиф ўз услубида дунё мамлакатлари, уларнинг пойтахти, майдони, тарихи, бошқарув шакли, бўлиниши, табиати, аҳолиси сони, миллий байрами, географик жойлашуви, расмий тили, дини, пул бирлиги, диққатга сазовор жойлари, ички ва ташқи сиёсати, иқтисодиёти, ҳатто телефон коди ва интернет домени, давлат ва ижро ҳокимияти раҳбарлари, конституцияси, мавжуд сиёсий партиялари сони ва номларини келтиришни ҳам назардан четда қолдирмайди.
Муаллиф улкан илмий-тадқиқотчи ўлароқ ҳар бир давлатни фотосуратлар, хариталар, диаграммалар, иловаларда дунёнинг географик объектлари (ороллар, дарёлар, вулқонлар, кўллар, чўққилар) ҳақида батафсил маълумотлар билан очиб беради.
Муаллиф бугунги ва келажак авлодга сабоқ бўларли “дунёшунослик” илми имкониятларидан унумли фойдалангани қомусни ҳар томонлама мукаммал чиқишини таъминлаган, дейиш мумкин.
Фикримча, бугун турли талотумлардан инсониятнинг ором-у хотиржамлиги, тафаккури сатҳи бироз хира тортгандай назаримда...
Бу асар эса менга рўйи заминда яшамоғимизнинг олий моҳияти – илмнинг ҳақиқий қудратини ҳис қилиш, дунёнинг кўзга кўринмас жиҳатларини илғаш ва қадрлаш, ўзим учун зарур хулосалар чиқаришга ундади, дея оламан. Сўз гавҳарига харидор бўлиб маърифатдан, маънавиятдан дарс олгандек хотирамга жозибали арт-объект сифатида муҳрланди.
Аксарият ҳолларда халқаро мавзуларда сўз очилса, жўяли фикр билдиришга иккиланиб қоламиз. Бу табиий. Халқаро муносабатларни ўрганиш, таҳлил, тадқиқ қилишнинг ўзи бўлмайди. Мазкур қўлланма оддий ўқувчини бундай ўйлардан ҳоли бўлишга, нозик этикет доирасидаги билимларини юқори дид даражасига кўтаришга ундайди.
У Ўзбекистоннинг халқаро муносабатлар соҳасидаги алоқаларнинг тўлиқ ва равон ахборот манбаи, дунё минбаридан туриб дарак берувчи жонли тимсол, статистик кузатувларнинг ҳаракатдаги харитаси ҳисобланади.
Кўплаб қизиқарли маълумотлар ўқувчи тафаккурида янги куртак очиб, адабиётни қадрлайдиган, мутолаани севадиганлар дилига хушнудлик бағишлайди.
Биз ёшлик йилларимизданоқ “Стран мира” каби бундай асарларни рус тилида ўқир эдик. Асар билан танишиш асносида ажиб ҳиссиётларни бошдан кечирдим. Маънавият хазинасини аслиятда ўқиб-уққанларда албатта ўз миллатига ҳурмати чексиз ортади. Гарчи қўлланма мотиви хориж давлатларидан дарак берса-да, муаллиф унга ўзбекона руҳ бағишлаган. Жаҳондаги машҳур ўзбек миллатига мансуб фуқароларимиз ҳақидаги маълумотларни ўқиб беихтиёр қалбингиз ғурур ва ифтихорга тўлади. Киши билмас бундай ўзлик мафкураси ўқувчига мажбуран сингдирилмайди, балки янгича талқин орқали, ечимнинг бугунги табиий ривожланиш суръатларига мос равишда таклиф этилади.
Доим янгиликка интилувчан муаллиф маълумотларга ижобий маънода ўта инжиқлигини, унча-мунча ҳақиқатларни то ўзи тадқиқ қилиб кўрмагунча қабул қилмаслиги унинг салмоғини янада оширган.
Халқаро сиёсий конъюнктурадаги беқарорлик, салмоқ ва мақом талашуви авж олган, ҳануз оддий маълумотларни шунчаки қайд этиш устувор айни паллада хорижий давлатлар, қитъаларнинг деярли барча ўлчовлардаги жиҳатларини ўз ичига олган пишиқ базани сифатли яратилишида муаллифнинг юқори профессионаллигининг инъикосидир.

– Бу асар салкам 10 йиллик изланишлар маҳсули. Аввалги нашр 2019 йилда чоп этилган эди. Ўтган даврда Янги Ўзбекистоннинг халқаро муносабатлар соҳасида жуда катта ўзгаришлар юз берди. Уларни албатта қайд этиб, қайта нашр этишга эҳтиёж бор эди, – дейди муаллиф Лазиз Раҳматов. – Уни босиб чиқаришга юртимизнинг 50га яқин забардаст олимлари бош-қош бўлди ва нашр учун тажрибали муҳаррирлар жалб этилди. Бу хайрли ишга салмоқли ҳисса қўшган, қадрли устозларим – Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Қаландар Абдураҳмонов, сиёсий фанлар доктори, профессор Қодир Жўраев ва юридик фанлар доктори, профессор Нуриддин Норматовларга алоҳида ташаккур айтишни истар эдим.
Моҳир драматург ва таржимон, 10 га яқин асарлар муаллифи бўлган олимнинг ушбу туҳфаси ўқувчилар томонидан катта қизиқиш билан қабул қилиниши табиий албатта.
Янги китоб ҳар бир юртдошимиз қайта-қайта мурожаат қиладиган қимматбаҳо манбага айланиши шубҳасиз. Қисқаси, асар дунёга қизиққан барча ёшдаги аудитория учун мўлжалланган.
Мадина Зуфарова,
ЎзА шарҳловчиси