Маиший газ баллонлари синовдан ўтказилмоқда
Навоий вилоятида мавжуд маиший газ баллонларни синаш ва таъмирлаш цехларида таъмирталаб газ баллонлар кўздан кечирилиб синовдан ўтказилмоқда.
Маълумки, маиший газ баллондан фойдаланишда унинг яроқлилиги, техник жиҳатдан созлиги муҳим аҳамиятга эга. Улар биринчи марта 5 йилга, кейин эса уч йилга синовдан ўтказилади.
Бунда аввало, маиший газ баллони оғир қолдиқдан бўшатилиб, махсус ускунага ўрнатилган ҳолда сув билан тўлдирилади. Газ баллон 25 кг босим остида 7-10 дақиқа синалади. Босим остида синаш вақтида маиший газ баллоннинг ҳолати кўздан кечирилади. Агар баллонда сув сизиб чиқиши, шишиш ҳолати сезилса, яроқсиз ҳисобланади ва утилизация қилинади. Синовдан ўтган баллонларнинг тепа қисмидаги махсус ёрлиққа синов муддати муҳрланади. Шундан сўнг фойдаланишга яроқли деб топширилади.
- Бугунги кунда вилоятдаги махсус синов цехларида кунига 100 дан ортиқ маиший газ баллони синовдан ўтказилмоқда, - дейди “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали ходими Улуғбек Нуримов. - Ўтган ойда 1541 та газ баллони синовдан ўтказилган бўлса, йил бошидан буён бу кўрсатгич 10 минг 594 тани ташкил этмоқда.
Бундан ташқари, маиший газ баллондан тўғри ва хавфсиз соз ҳолатда фойдаланишда истеъмолчиларнинг ҳам мажбуриятлари борлигини унутмаслик лозим. Ҳар бир истеъмолчи газ баллонни белгиланган қоидаларга мос равишда ўрнатиши ва ундан тўғри фойдаланиши лозим. Маиший газ баллонга зарар етказиш, яроқсиз ҳолда фойдаланиш кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкин.
Шу ўринда, истеъмолчилар маиший газ баллонда газ сизиб чиқиш ҳолати ёки бошқа носозлик кузатилганда, авария диспетчерлик хизматининг “104” рақамига ёки “1104” рақамларига қўнғироқ қилиши лозим.
А.Бўриев, ЎзА мухбири