Маҳоратли атлетлар Самарқандда беллашмоқда
Самарқанд халқаро туризм марказида триатлон бўйича "Challenge Samarkand 2026" халқаро спорт фестивалига старт берилди.
Бугунги баҳслар 750 метр масофага сузиш, 19 километр велопойга ва 5 километрга югуриш босқичларидан иборат бўлиб, унда профессионал спортчилар билан бирга ҳаваскорлар ҳам ўз имкониятларини синовдан ўтказиш имконига эга бўлишди. Мусобақа иштирокчилари ёш тоифасига ажратилган ҳолда сараланди ҳамда ғолиб ва совриндорлар ушбу мезон асосида аниқланди.
Бугунги дастур доирасида болалар ўртасида югуриш мусобақаси ўтказилди. Унда 6 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар 5 та ёш тоифаси бўйича ўзаро беллашди. Халқаро спорт фестивалининг биринчи кунги дастури аёллар ўртасидаги югуриш баҳслари билан якунланади.
Эслатиб ўтамиз, эртага мусобақанинг асосий – Middle Distance масофасида баҳслар ўтказилади. Унда иштирокчи спортчилар 1,9 километр масофага сузиш, 88 километр велопойга ҳамда 21,5 километр югуриш босқичларидан ўтиши талаб этилади.
[gallery-31393]
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари