«Маҳорат мактаби»: Баҳодир Мағдиевнинг эфир маҳорати ва таъсирчан нутқ сирлари
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ташаббуси билан таниқли радиожурналист, диктор, бадиий сўз устаси ва педагог Баҳодир Мағдиев иштирокида «Маҳорат мактаби» машғулоти бўлиб ўтди.
Учрашувда журналистнинг нутқ маданияти, овоз имкониятларидан самарали фойдаланиш ва эфирда ўзини эркин тутиш маҳорати ҳақида сўз юритилди.
Баҳодир Мағдиев кўп йиллик фаолияти давомида ўзига хос овоз тембри, жарангдор овози, равон нутқи ва эфирдаги маҳорати билан тингловчилар эътиборини қозониб келмоқда. У «Oriat Dono» радиосидаги фаолияти билан бир қаторда, педагог сифатида ҳам ёш мутахассислар камолотига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг «Саҳна нутқи» кафедраси доценти сифатида фаолият юритаётган устоз бўлажак актёрлар, суҳандонлар ва журналистларга тўғри талаффуз, нутқ равонлиги, овозни бошқариш ва микрофон олдида эркин сўзлаш сирларини ўргатиб келмоқда. Унинг радио ва журналистика соҳасидаги кўп йиллик меҳнатлари муносиб эътироф этилган.
2022 йилда Баҳодир Мағдиев «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.
Машғулот давомида микрофон ва камера олдида ўзини тутиш, омма олдида сўзлашда ҳаяжонни енгиш, фикрни аниқ ва таъсирчан ифодалаш, шунингдек, аудитория билан самарали мулоқот ўрнатиш масалаларига эътибор қаратилди. Иштирокчилар эфир журналистикасида зарур бўлган амалий кўникмалар ва нотиқлик маҳоратини ривожлантириш бўйича тавсиялар олиш имконига эга бўлдилар.
Ушбу учрашув ёш журналистлар, талабалар ва соҳага қизиқувчилар учун тажрибали мутахассиснинг касбий тажрибасидан баҳраманд бўлиш, билимларини бойитиш ҳамда эфирда ишлаш кўникмаларини такомиллаштириш учун муҳим имкониятдир.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан ташкил этилаётган «Маҳорат мактаби» машғулотлари соҳа вакиллари ўртасида тажриба алмашиш, ёш журналистларни қўллаб-қувватлаш ва миллий журналистика анъаналарини ривожлантиришга хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА