Маҳкумларнинг китоб ўқигани фактини тасдиқловчи комиссия тузилади
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 12 июндаги қарори билан “Жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг жазони ўташ даврида тўғри маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган адабиётларни ўқиганлиги фактини тасдиқлаш бўйича комиссия фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги низом тасдқиланди.
Низомга кўра, талабгорнинг тест синови топширишини назорат қилиб бориш ва натижаларини хулоса асосида тасдиқлаш учун муассаса ходимлари ҳамда жамоатчилик вакилларидан иборат комиссия ташкил этилади.
Комиссия йиғилиши қоида тариқасида йилига камида икки марта, ҳар йил февраль ва август ойларида ўтказилади.
Комиссия хулосаси талабгорга имзо қўйдирилиб, таништирилади ҳамда унинг шахсий йиғмажилдига қўшиб қўйилади.
Хулосанинг кўчирма нусхаси прокурорга юборилади, шунингдек, маҳкумнинг ҳимоячисига унинг сўровига кўра берилади.
Талабгор тест синови натижалари унга таништирилган кундан бошлаб, 5 иш куни ичида тест ўтказилиш жараёни ёки натижалари бўйича шахсан ўзи ёки ҳимоячиси орқали судга шикоят йўллаши мумкин.
Суд шикоятни кўриб чиқиш натижалари бўйича талабгор томонидан кўрсатилган далиллар тасдиқланмаса, тест синови натижаларини ўзгаришсиз, шикоятни эса қаноатлантирмасдан қолдириш тўғрисида, талабгор томонидан кўрсатилган далиллар асосли деб топилса, шикоятни қаноатлантириш ва тест синови натижаларини бекор қилиш тўғрисидаги қарорлардан бирини қабул қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА