Маҳалланинг “фаол” модели қандай бўлиши керак?
2022 йил - Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили
2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида фаол фуқаролик жамиятини ривожлантириш ҳамда фуқаролар ўртасида қонунга ҳурмат ва итоат қилиш ҳиссини шакллантириш асосий мақсадлардан бири сифатида эътироф этилган.
Қолаверса, жорий йил мамлакатимизда Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили, деб эълон қилинган.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, инсон қадрини улуғлаш — юртимизда яшаётган ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш демакдир. Бу борада жамиятимиз асоси бўлган маҳалла ҳал қилувчи ўрин тутади.
Президентимиз бундан буён ҳар бир маҳаллада самарали иш олиб бориш фаолиятнинг бош мезонига айланишини ҳам таъкидлади.
Тошкент давлат юридик университети жамоаси айнан шу мақсадларни амалга ошириш учун маҳаллалар билан ҳамкорликни йўлга қўйди.
Университетнинг “Маъмурий ва молия ҳуқуқи кафедраси” Юнусобод туманида жойлашган “Ҳусниобод” маҳалла фуқаролар йиғинига бириктирилиб, маҳалла билан ҳамкорликда самарали ишларни амалга оширмоқда.
Мазкур маҳаллада “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг қабул қилиниши - маҳалла институти ривожланишининг кафолати” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ва Юнусобод тумани ҳокимлиги вакиллари иштирок этди.
Кафедра мудири Сардор Юсупов фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилаб олинганини таъкидлади. Аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи, малакали тиббий ва таълим хизматлари, муносиб яшаш шароитлари билан таъминлаш сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш асосий мақсад сифатида белгилаб олинди.
Президентимизнинг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонига асосан маҳалланинг “фаол” моделини жорий этиш бўйича олиб бориладиган ишлар ҳақида тушунча берилди.
Аҳоли муаммоларини бевосита ҳал қилиш ҳамда ҳудудни ривожлантириш учун зарур ресурс ва имкониятлар билан таъминлаш, иқтисодиётни ривожлантириш ва аҳолини иш билан таъминлаш учун туман ҳокими ёрдамчилари ҳамда ёшлар етакчилари фаолияти самарали йўлга қўйилгани қайд этилди.
Маҳалладан туриб барча давлат органларига мурожаат қилиш ва уларнинг раҳбарлари билан мулоқот қилиш тизими яратилгани, маҳаллаларга мустақил молиявий имкониятлар берилаётганлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу билан бирга, маҳаллаларнинг «ўсиш нуқталари» ва асосий йўналиш драйверлари белгиланиб, уларда яшовчи аҳолининг тадбиркорлик фаолиятидаги ихтисослашувидан келиб чиқиб белгилаб олиш ҳамда маҳаллада барчани иш билан таъминлаш асосий устувор вазифа этиб белгиланганлиги қайд этилди.
Шунингдек, маҳаллада яшовчи кам таъминланган ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаш, ёрдамга муҳтож аёллар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар бўйича алоҳида маълумотлар базасини яратилиб, «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»ни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» билан интеграция қилинаётгани ҳақидаги маълумотлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Давлатимиз раҳбари томонидан ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолининг фаоллигини ошириш мақсадида мутлақо янги бўлган маҳалла раисига нисбатан ишончсизлик билдириш институти жорий этилаётганлиги ҳақида ҳам маълумот берилди.
Учрашув якунида маҳалла фуқаролар йиғинига “Тараққиёт стратегияси”ни акс эттирувчи QR-кодли флайер ва тарқатма материаллар тақдим этилди.
А.Жўраев,
ТДЮУ маъмурий ва молия
ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси.
ЎзА