Маҳаллаларга бириктирилган солиқ инспектори юқори натижага эришди
Қашқадарё вилояти Касби туманида маҳаллаларга бириктирилган солиқ инспекторлари томонидан солиқ базасини кенгайтириш, аҳолининг солиқ тўлаш маданиятини юксалтириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Туман солиқ инспекциясининг Маҳаллаларга бириктирилган солиқ инспекторлари шўъбаси давлат солиқ катта инспектори Баҳром Маматов Қўнғирот, Қорақўнғирот, Мирзо Улуғбек ва Обод Некўз маҳалла фуқаролар йиғинларига бириктирилган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даврида белгиланган прогноз кўрсаткичларини 110 фоизга бажаришга эришди.

Мазкур маҳаллаларда мол-мулк солиғи тўловчи жисмоний шахслар сони 3 058 нафарни, ер солиғи тўловчилари эса 3 553 нафарни ташкил этади. Шунингдек, ҳудудда 142 нафар якка тартибдаги тадбиркор, 44 та юридик шахс, 581 та деҳқон хўжалиги ҳамда 2 153 нафар ўзини ўзи банд қилган шахс фаолият юритмоқда.

Солиқ инспектори маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориб, солиқ базасини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Натижада ҳудудда ноқонуний фаолият юритиб келган 4 нафар тадбиркор белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилди. Молиявий қийинчиликка дуч келган 16 та тадбиркорлик субъекти фаолияти қайта тикланди.

Шунингдек, маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда олиб борилган тарғибот ва тушунтириш ишлари самарасида жорий йилнинг январь-май ойлари давомида 1 548 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтди.

Таъкидлаш лозимки, аҳолининг солиқ маданиятини юксалтириш, иқтисодий фаолликни ошириш ва янги иш ўринлари яратишга қаратилган бундай ишлар маҳаллалар иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА