Маҳаллаларда томорқачилик ривожланмоқда
Президент топшириғи амалда
Президентимизнинг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва яна бир қатор соҳага оид ҳужжатлар ижроси асосида ҳудудларда самарали ишлар ташкил этиш белгиланган.

Шунга асосан Бўка туманининг олис Самарқанд маҳалласида камбағалликни қисқартириш, аҳоли даромадини ошириш ва бандлигини таъминлаш бўйича амалий семинар ўтказилди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги, вилоят Камбағалликни қисқартиш ва бандлик бошқармаси, тижорат банклари ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан бирга ташкил этилган тадбирдан кўзланган мақсад баҳор мавсумида аҳолининг томорқадан самарали фойдаланишига кўмаклашишдир.

Шу бўйича мутахассислар томонидан мазкур маҳалланинг аграр имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Ҳозир ҳудудда жами аҳоли сони 3 минг 232 нафар бўлиб, камбағал оилалар 17 та, ижтимоий реестрга киритилган оила 84 тани ташкил этади. Амалга ошириладиган саъй-ҳаракатлар эвазига маҳалланинг камбағаллик даражасини етти фоизга тушириш мақсад қилинмоқда.

Бунинг учун ишлаб чиқилган дастур доирасида ҳудуд инфратузилмаси яхшиланади. Биринчи галда 500 миллион сўмлик маблағ асосида 1,5 километр суғориш тармоғи қурилади. Хонадонлар томорқа майдонлари тартибга келтирилади. Жойлардаги мавжуд ариқлар бетонлаштирилади. Тижорат банклари ходимлари ва бошқа масъул мутахассислар иштирокида ҳар бир хонадонга кирилиб, аҳолининг таклифлари ўрганилади ва томорқа маданиятини янада ошириш чоралари кўрилади.

Ҳудудга бириктирилган тадбиркор тавсияси асосида томорқаларда камида уч марта маҳсулот етиштириш таклиф этилди. Маҳалла драйверини эса помидор ва булғори қалампир етиштиришга ихтисослаштирилади. Шу бўйича агрономлар ҳам бириктирилиб, аҳоли билан яқиндан ишлашга йўналтирилди. Шу ишлар орқали эса 692 нафар аҳоли бандлиги таъминланади, ишсизлик камайтирилади ва даромад оширилади.
– Тошкент вилоятида бу йил 100 та шу ҳудуд каби оғир тоифадаги маҳаллалар танлаб олинган ва мавсумда тизимли ишлар қилинади, – дейди Тошкент вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғи Зиёдбек Йўлдашов. – Биринчи навбатда суғориш тизимлари, электр тармоқлари ва ички йўллар яхшиланади. Шуларнинг ҳисобига томорқадан юқори даромад олиш даражаси ошириш ҳам белгиланган.
Семинар давомида аҳоли учун мевали ва манзарали кўчатлар, сабзавот ва кўкатлар уруғлари, томорқада ишлатиладиган асбоб-ускуналар ва минерал ўғитлар кўчма савдоси ташкил этилди. Шундан сўнг маҳалла банкирлари ва барча бириктирилган ходимлар тегишли тартибда хонадонларга кириб, томорқачиликни ривожлантириш ишларига киришилди.
А.Мусаев, ЎзА