Маҳаллаларда тинч ва осойишта муҳит яратиш – давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланди
Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 27 январь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунали амалиётни яратишга доир долзарб ва аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Мазкур вазифаларнинг амалий ижросини таъминлаш учун давлат идоралари, кенг жамоатчилик ҳамкорликда ҳаракат қилмоқда.
Натижада жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда маҳаллаларда тинч ва осойишта муҳитни яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Миллий гвардия қўмондони, генерал-полковник Баҳодир Тошматов илк манзилли ишларини Юнусобод туманида олиб борди.

Туман ҳокими, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ҳамкор ташкилотлар масъуллари иштирокида маҳаллаларда бўлиб, муаммолар ўрганилди.
Миллий гвардия қўмондони жиноятчилик кўрсаткичлари юқори бўлган Боғи шамол маҳалласида бўлиб, вазият билан яқиндан танишди, халқ билан мулоқот қилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, жиноятчиликнинг асосий сабаблари – кўп ҳолларда маҳаллий инфратузилманинг етарли даражада ривожланмагани, назорат механизмларининг заифлиги ва профилактик ишлар тизимли йўлга қўйилмагани билан боғлиқ. Мазкур маҳаллада бу яққол кўзга ташланди.
Учрашувлар давомида профилактика инспекторларининг хизмат фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Инспекторларнинг аҳоли билан ишлаш имкониятлари, улар учун яратилган шарт-шароитлар, техник таъминот ҳолати таҳлил қилиниб, тизимдаги камчиликларга эътибор қаратилди.
Кузатув камераларининг аксарияти носоз ҳолатда экани жиддий муаммо сифатида қайд этилди. Бу ҳолат хавфсизликни таъминлашда рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш имкониятини кескин пасайтиради.

Муҳокамалар жараёнида маҳаллани қисқа муддат ичида рақамлаштириш масаласи алоҳида долзарб вазифа сифатида кўтарилди.
Кўп қаватли уйлар атрофини тунги вақтда ёритиш масаласи ҳам жиноятчиликнинг олдини олишда муҳим омил сифатида белгиланди. Бу борада масъулларга аниқ топшириқлар берилиб, ижро муддатлари белгиланди.
Жиноятчиликка қарши курашиш фақат куч билан эмас, балки таҳлил, маълумот, рақам ва профилактикага асосланган комплекс тизим орқали самара беради.
Манзилли ишлар давомида Юнусобод туманида жойлашган “Олой” бозори ҳам кўздан кечирилиб, унда аҳоли учун яратилган шарт-шароитлар ўрганилди. Савдогарлар билан яқиндан суҳбат олиб борилиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.
Миллий гвардия қўмондони давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифалар ижроси, жумладан, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, профилактик тадбирларни кучайтириш ва аҳоли хавфсизлигини ишончли таъминлаш бўйича берилаётган топшириқлар ижросига алоҳида эътибор қаратди.
Жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш ҳамда профилактик ишлар самарадорлигини ошириш устувор вазифа сифатида белгилаб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА