Маҳалладан катта спорт сари
ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимиздаги Республика Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси кубоги” учун ўғил болалар ўртасида гандбол мусобақасининг Республика босқичига старт берилди.
Мусобақанинг дастлабки кунида тантанали очилиш маросими ўтказилди. Унда Тошкент шаҳар спорт бошқармаси ва Ўзбекистон Гандбол федерацияси мутасаддилари, мусобақа иштирокчилари ҳамда спорт соҳаси вакиллари қатнашди.
[gallery-31340]
Айни пайтда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган, ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган жамоалар ўртасида қизғин беллашувлар кечмоқда. Ёш гандболчилар ҳар бир учрашувда ўз маҳоратини намоён этиб, жамоаси шарафини муносиб ҳимоя қилиш учун баҳс олиб бормоқда.
Беллашувларда спортчиларнинг жисмоний тайёргарлиги ва техник маҳорати билан бир қаторда, жамоавий ҳаракат, тезкор қарор қабул қилиш ва ғалабага интилиш каби фазилатлари ҳам яққол намоён бўлмоқда.
[gallery-31341]
“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ташкил этилаётган мазкур мусобақа ёшлар ўртасида гандболни оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ва уларнинг спорт маҳоратини юксалтириш, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, мусобақа ёш гандболчилар учун ўзаро тажриба алмашиш, янги спорт дўстликларини ўрнатиш ва келгусидаги мусобақаларга тайёргарлик кўриш учун муҳим майдон вазифасини ўтамоқда.
Мусобақа 11 сентябрга қадар давом этади. Беллашувлар якунида ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, муносиб тақдирланади.
Муҳаммад АМИН, Ўктам ҲАЙИТОВ (сурат), ЎзА