Маҳалладаги муаммолар ўрганилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 21 июль куни ўтказилган йиғилишда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Қатор ташкилот ва идоралар, мутасаддиларга тегишли вазифалар, топшириқлар берилди.
Дарҳақиқат, маҳаллалар ободлиги, зарур шароитлар яратилгани, коммунал хизматларнинг сифати ва кўп қаватли уй-жойларнинг ҳолати одамларнинг кундалик турмуши ҳамда кайфиятига бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис, бу йўналишдаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш аҳоли учун муносиб яшаш муҳитини шакллантиришнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари жойлардаги ўрганишлари давомида айни шу масалаларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, депутат Ойдин Абдуллаева Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги маҳаллаларда бўлиб, аҳоли учун яратилган шароитлар, коммунал хизматлар ва электр энергияси таъминоти ҳамда ҳудудларни ободонлаштириш билан боғлиқ масалаларни жойида ўрганди. Маҳаллалардаги мавжуд ҳолат атрофлича таҳлил қилинди.

Аҳоли билан очиқ мулоқотларда, айниқса, маҳаллалардаги суғориш тизимини яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Фуқаролар яшил майдонлар, дарахтлар ва гулзорларни мунтазам парваришлаш учун сув таъминоти етарли даражада йўлга қўйилмаганини билдирди. Суғориш тизимидаги мавжуд камчиликлар эса ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ва экологик муҳитни яхшилашга қаратилган ишлар самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шунингдек, кўп қаватли уйларнинг умумий фойдаланишдаги қисмлари, подъездларни таъмирлаш, коммунал ва электр энергияси таъминоти билан боғлиқ мурожаатлар ҳам тингланди.

Депутат ҳар бир масалани масъул ташкилотлар иштирокида муҳокама қилиш, муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва уларга манзилли ечим топиш юзасидан вазифаларни белгилаб олди.
Бошқарув сервис компаниялари ҳамда тегишли мутасадди ташкилотлар вакиллари билан учрашиб, фуқаролар томонидан билдирилган мурожаатларни муҳокама қилди. Кўтарилган масалаларни мавжуд захира маблағлари доирасида босқичма-босқич амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди. Белгиланган ишлар депутат назоратига олинди.
М.Комилова,
ЎзА