Маҳаллада янги кутубхона очилди
Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги "Ғалаба" маҳалла фуқаролар йиғинида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, "Маърифат" тарғиботчилар жамияти ҳамда туман ҳокимлиги ҳамкорлигида янги барпо этилган кутубхонанинг очилиши бўлиб ўтди.
"Китоб ва китобхонлик - инсон маънавияти кўзгуси" номли ушбу маърифий тадбирда олиму ижодкор зиёлилар, нуроний отахону онахонлар ва ёшлар иштирок этди.

Тадбир доирасида янги очилган мазкур кутубхонага юртимиз ва жаҳоннинг юзга яқин адибларининг мингта китоби туҳфа этилди.

"Маърифат" тарғиботчилар жамияти аъзолари, фалсафа фанлари доктори Жамила Шермуҳамедова, Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова ва бошқалар мамлакатимизда маънавият ва маърифат соҳасидаги янгиланиш жараёнлари хусусида батафсил сўз юритдилар.

Айтиш керакки, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги ўтказилиши белгиланган бу каби маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари йил якунига қадар 12 йўналишда ташкил этилади. Худди шундай кутубхоналарни туманидаги яна кўплаб маҳаллаларда ташкил этиш кўзда тутилган.
Н.Усмонова,
ЎзА