Маҳаллада бандлик ва фаровонликни таъминлашда янги ёндашувлар
Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов раислигида “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил этиш, маҳаллалар ихтисослашуви ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган кенгайтирилган танқидий йиғилиш ўтказилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда маҳалла институтини аҳоли муаммоларини ҳал этадиган, бандликни таъминлайдиган ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлайдиган энг муҳим бўғинга айлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Давлатимиз раҳбари раислигида 2026 йилнинг 16 июлида маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам ҳудудларда ички имкониятларни тўлиқ сафарбар этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, томорқа ва бўш ер майдонларидан самарали фойдаланиш ҳамда ҳар бир маҳалланинг иқтисодий ихтисослашувини шакллантириш устувор вазифа сифатида белгиланган эди.
Йиғилишда вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, имтиёзли банк кредитларини мақсадли йўналтириш, маҳаллалар жамғармалари фаолияти самарадорлигини ошириш ва Президент топшириқлари ижросида йўл қўйилаётган камчиликлар атрофлича таҳлил қилинди.
Ҳозирда вилоятдаги 1,6 минг гектар томорқа ерларидан етарлича самарали фойдаланилмаётгани иқтисодий имкониятларни чекламоқда. Шу боис Президент видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифаларга мувофиқ, бўш ер майдонларини кооперация асосида ўзлаштириш, Жиззах вилояти тажрибасини оммалаштириш, гулчилик ва иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ҳамда Зарафшон ва Учқудуқ туманларида кўп қаватли уйлар ертўлаларида қўзиқорин етиштириш каби истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Йиғилишда ижтимоий ҳимоя соҳасида ҳам тизимли муаммолар муҳокама қилинди. Хусусан, фуқароларни “Ижтимоий реестр”га киритишда асоссиз рад этиш ҳолатлари кўпайиб, Президент виртуал қабулхонасига мурожаатлар сони ортиб бораётгани кескин танқид қилинди. Бу борада ҳар бир мурожаат қонуний ва адолатли кўриб чиқилиши, эҳтиёжманд аҳолига манзилли кўмак кўрсатиш асосий вазифалардан бири экани яна бир бор таъкидланди.
Шунингдек, “Саховат ва кўмак” жамғармаларида маблағлар мавжуд бўлишига қарамасдан, эҳтиёжманд оилаларнинг уй-жойларини таъмирлаш ишлари суст олиб борилаётгани танқид қилинди. Масъулларга жорий йилнинг 1 сентябрига қадар 216 та хонадонни таъмирлаш ишларини тўлиқ якунлаш вазифаси юклатилди.
Президент видеоселектор йиғилишида банк тизими орқали аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва даромад манбаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилгани боис, Марказий банк вилоят бошқармасига тижорат банклари билан ҳамкорликда ҳар бир банк учун намунавий маҳалла тизимини йўлга қўйиш, маҳалла банкирлари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш топширилди.
Бандлик ва Маҳалла уюшмаси бошқармаларига эса намунавий бизнес режаларини ишлаб чиқиш, ҳоким ёрдамчиларининг амалий кўникмаларини ошириш, гулчилик ва иссиқхоначиликка ихтисослашадиган хонадонлар рўйхатини шакллантириш ҳамда уларга етакчи тадбиркорларни бириктириш вазифаси юклатилди. Бу эса маҳаллаларда янги даромад манбаларини яратиш ва оилаларнинг иқтисодий фаоллигини оширишга хизмат қилади.
Йиғилишда маҳалла жамғармалари даромадларини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Солиқ тўлов интизомини мустаҳкамлаш, маҳалла биноларидаги бўш хоналар ва ер майдонларини хатловдан ўтказиб, электрон аукцион орқали тадбиркорларга ижарага бериш бўйича аниқ муддатлар белгиланди.
Хуллас, Президент раҳбарлигидаги видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифаларнинг амалдаги ижросини таъминлаш, ҳар бир маҳалланинг иқтисодий салоҳиятини ишга солиш, аҳоли бандлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш ва инсон қадрини юксалтиришга қаратилган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири