Маҳалла ёшларига Президент совғалари берилади
Самарқанд вилоятидаги 1081 та маҳаллага “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказиладиган мусобақалар учун Президент совғаси — тўрт турдаги спорт жиҳозлари топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят спорт ҳамда ёшлар ишлари бошқармалари масъуллари иштирок этиб, 2025 йилги “Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақаларида самарқандлик ёшлар республикада пешқадам бўлганини алоҳида таъкидлади.
– “Беш ташаббус олимпиадаси” ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ҳамда иқтидорли ёшларни аниқлаб, уларни терма жамоалар сафига тайёрлашда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди Самарқанд вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Ж.Нурмунов. – Бу йил вилоятимиз бўйича 581 минг нафар ёш мазкур олимпиада беллашувларида қатнашди. Улар 14 спорт тури бўйича мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб, 19 та олтин, 14 та кумуш ва 9 та бронза медалларини қўлга киритди. Ёшларнинг шу каби мусобақаларда фаол иштирок этиши учун Президент совғаси сифатида спорт жиҳозлари берилиши уларнинг имкониятларини яна ҳам кенгайтиради.
[gallery-26852]
– Туманимиздаги маҳаллалар учун 360 дан зиёд спорт жиҳозлари олдик, – дейди Иштихон туман спорт мактаби директори ўринбосари Зоҳид Арзиқулов. – Бундай эътибор ёшларни оммавий спортга кенг жалб этиш, иқтидорли ёшларни кашф қилиш ва келгуси мусобақаларга тайёргарлик кўришга ёрдам беради. Айни пайтда спорт мактабимизда спортнинг 22 тури бўйича 2200 нафардан ортиқ ўғил-қизлар шуғулланиб келмоқда. Эътиборлиси, спортчиларимиздан 18 нафари Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий таркибига, 20 нафардан зиёди эса захира таркибига қабул қилинган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари