Маҳалла ёшлари мини футболда баҳслашди
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир туман бўлинмаси, туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, туризм ва спорт бўлимлари томонидан фуқаролар йиғинлари жамоалари ўртасида “Спортни сев, спорт билан яша” шиори остида мини футбол бўйича мусобақа ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида ўтказилган мусобақада 13 та жамоа иштирок этди.
Муросасиз кечган баҳсларда “Ғарезсизлик” маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси биринчи, “Тахтакўпир” шаҳарча фуқаролар йиғини жамоаси иккинчи, “Даўир” маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.
Мусобақа ғолиблари ва фаол иштирокчилари “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси, туман туризм ва спорт бўлими томонидан эсдалик совғалари ва диплом билан тақдирланди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА